Ўзбекистон | 19:35 / 03.01.2020
20541
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Умидчилар»нинг биринчи халқаро конференцияси бошланди

Бугун, 3 январь куни Тошкентда собиқ «Умид» жамғармаси битирувчиларининг биринчи халқаро конференцияси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Анжуманда 300 нафардан ортиқ, шу жумладан, айни вақтда хорижда яшаётган 120дан зиёд «умидчилар» қатнашмоқда.

Бугунги муҳокамалар мамлакатни демократик янгилаш, таълим, сармоявий иқлимни яхшилаш, инновацион ривожланиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги бешта секцияда ўтказилди.

«Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари» мавзусидаги конференция икки кун давом этади. Биринчи кунги тадбирлар Давлат бошқаруви академиясида, эртага эса Чимёнда бўлиб ўтиши белгиланган.

Маълумот учун, собиқ «Умид» жамғармаси 1997 йилда истеъдодли йигит-қизларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган эди. Жамғарманинг 5 йиллик фаолияти мобайнида ўзбекистонлик жами 828 нафар истиқболли ёшлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада ва Италия университетларининг бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида таҳсил олган.

Айни кунлардаги конференция Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан ўтказилмоқда.

Фото: «Жаҳон» ахборот агентлиги