Ўзбекистон | 10:09 / 04.01.2020
74752
2 дақиқада ўқилади

Ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун контракт миқдорлари ўзгариши мумкин - вазирлик

Фото: KUN.UZ

Президентнинг 2019 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 7 фоизга оширилди.

Олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатларининг асосий қисмини, яъни 91 фоизини иш ҳақи ва стипендия тўловлари ташкил этиши инобатга олиниб, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати республикадаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғланди ва унга нисбатан карра баробарида белгиланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида айтилишича, амалдаги тартибга кўра контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори (оширилган тўлов-контракт миқдори бундан мустасно) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда жорий ўқув йилининг иккинчи ярми учун ўзгариши мумкин.

«Шу муносабат билан, 2019/2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматларига ўзгартириш киритилганда қўшимча маълумот берилади», - дейилади ОЎМТВ ахборот хизмати маълумотида.

Мавзуга оид