Жаҳон | 14:00 / 05.01.2020
89141
5 дақиқада ўқилади

Пентагондагилар Трампнинг Сулаймоний бўйича қароридан ҳайрон бўлишган

Пентагон вакилларини АҚШ президенти Дональд Трампнинг эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилиш ҳақидаги қарори ҳайрон қолдирган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ва АҚШ президенти маъмуриятидаги манбаларига асосланиб The New York Times нашри хабар тарқатди.

Нашр суҳбатдошлари айтиб беришича, 27 декабрь куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасига шиа жангари гуруҳлари томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида бир неча америкалик ҳалок бўлгач, эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилиш муҳокама қилинган. Аввалига 28 декабрь куни, Трамп Сулаймонийни ўлдиришни маъқулламаган ва АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг Сурия билан чегара яқинидаги базаларига ҳужум қилишни буюрган. Бу ҳужум оқибатида 25 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу америкаликларнинг Бағдоддаги элчихонаси олдида оммавий намойишлар уюштирилишига олиб келган, бу воқеаларни Трамп телевизор орқали кузатган.

Маълум қилинишича, Трамп якунда радикал қарор қабул қилиши Пентагон расмийлари учун кутилмаган ҳол бўлган. АҚШ президенти 30 декабрь куни келиб тушган разведка маълумотларини эътиборсиз қолдирган, бу маълумотларда Яқин Шарқда эътиборни тортадиган воқеа кузатилмагани, жумладан Сулаймоний ҳам ҳеч қаерга йўл олмаётгани ҳақида айтилганди. Бундан ташқари, АҚШ разведкаси Эроннинг энг нуфузли генерали АҚШ ҳарбийларига кенг кўламли ҳужумлар уюштиришни режалаштираётгани ҳақидаги маълумотни асосли деб топишмаган. Манбанинг тасдиқлашича, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Сулаймонийга Америкага қарши режаларни амалга оширишга рухсат бермаган ва келгуси режаларни маслаҳатлашиш учун Теҳронга қайтишни таклиф қилганди.

Трамп Сулаймонийнинг ўлдирилишини бу пайтда Рождество таътиллари сабаб АҚШнинг турли ҳудудларида бўлган миллий хавфсизлик бўйича бир неча нафар юқори мартабали маслаҳатчиси билан режалаштирган. Улар ҳимояланган алоқа линияси орқали мулоқотда бўлган.

Трамп махфийлик нуқтайи назаридан Конгрессни режалари ҳақида огоҳлантирмаган. Шунингдек, бу ҳақда Миллий хавфсизлик вазирлиги ва хорижий давлатлар раҳбарлари ҳам билмаган.

Амалиётга тайёрланиш тор доирадаги маслаҳатчилар билан муҳокама қилинган, бу режадан фақат давлат раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Брайен, вице-президент Майкл Пенс, Давлат котиби Майкл Помпео, Мудофаа вазири Марк Эспер, МРБ директори Марказий разведка бошқармаси директори Жин Ҳэспел ва Оқ уй аппарати бошқарувчиси вазифасини бажарувчиси Мик Малвэни хабардор бўлган. Майкл Пенс ва Майкл Помпео Теҳронга нисбатан қатъий жавоб қайтариш тарафдори бўлишган.

Пентагондагилар эса ўтган йил ёзидаги воқеаларни назарда тутган ҳолда, Трампдан Сулаймонийни жисмонан йўқ қилишга буйруқ беришни кутмаган бўлишган.

20 июнь куни Эрон қуролли кучлари Американинг ВМС RQ-4 русумли учувчисиз учиш қурилмасини уриб туширган, шундан кейин АҚШ армияси Трампнинг фармойишига кўра, Эрон ҳудудидаги учта объектга зарба бериш назарда тутилган ҳарбий амалиётга тайёрланганди. Аммо Америка раҳбари амалиёт бошланишига 10 дақиқа вақт қолганида битта дрон бўлажак ҳужум оқибатларига тенг эмас деб ҳисоблаб, уни тўхтатишга буйруқ берган.

Эслатиб ўтамиз, 3 январга ўтар кечаси Бағдодда Эроннинг ташқи сиёсатидаги муҳим фигура, Яқин Шарқдаги шиа гуруҳларини қўллаб-қувватлаб келган, 20 йилдан буён Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс»ни бошқарган генерал Қосим Сулаймоний америкалик ҳарбийларнинг авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи ушбу суиқасдни уруш эълон қилишга тенг баҳолаб, АҚШдан бунинг учун қасос олинажагини маълум қилди.

Дональд Трамп америкалик ҳарбийлар Қосим Сулаймонийни ўлдириб, «урушни бошламагани, балки тугатгани» ҳақида гапирган.

«Сулаймонийнинг террор ҳукмронлиги якунланди. АҚШ ҳарбийлари дунёнинг биринчи рақамли террорчисини йўқ қилган жуда аниқ зарбани беришди», деди у Флоридада Мар-а-Лагодаги қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида.

«У америкалик дипломатлар ва ҳарбий хизматчиларга даҳшатли ҳужумлар тайёрланаётганди, аммо биз уни жиноят жойида тўхтатдик ва йўқ қилдик», деган американликлар президенти.

Мавзуга оид