Ўзбекистон | 23:02 / 07.01.2020
20360
2 дақиқада ўқилади

Аҳолининг сувдан фойдаланганлик учун қарзи 410 млрд сўмдан ортиқ. Янги ҳисоблагичлар ўрнатилади 

Ўзбекистонда сувдан фойдаланганлик учун аҳоли томонидан қарздорлик миқдори ҳамон йириклигича қолмоқда. Бугунги кунда у 411 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси чоғида маълум қилинди. 

«Сув учун пул йиғиш яна вазирлик тизимига қайтарилди. Барча вилоятларда биллинг тизимлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда сув энг арзон бўлиб турибди. Унинг нархи 310 сўм. Бир куб сув Қирғизистонда 1045 сўм, Қозоғистонда 1235 сўм, Тожикистонда 1710 сўм, Украинада 4000, Россияда 6200 сўмни ташкил этмоқда. 

Тоҳир Ҳайдаров.

Истеъмол қилиш борасида катта кўрсаткич сақланиб қолмоқда. Бизда бир суткада киши бошига 330 литр сув сарфланади. Қирғизистонда бу рақам 170 л, Украинада 160, Россияда ҳам 160 л атрофида сув сарфланмоқда. Аҳоли ҳам сув ҳақини тўлашга сусткашлик қилмоқда, ҳам тежаш борасида қиладиган ишларимиз кўп. Бу борада истеъмолчиларга тушунтириш ишларини олиб боришни бошлаяпмиз», - деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ягона сув балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш бош бошқармаси бошлиғи Тоҳир Ҳайдаров.

Музаффар Солиев

Таъкидлаш ўринлики, вазирлик раҳбари Музаффар Солиев, сув ҳақини тўламасликнинг ўзига хос томонига ҳам эътибор қаратди. Унинг фикрича, аҳолининг сув ҳақини тўламаслиги фақатгина уларга боғлиқ эмас, аксинча аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизмат сифати ҳам бунда муҳим ўрин тутади. 

«Бу муаммога барҳам бериш йўлларидан яна бири – замонавий ҳисоблагичларни ўрнатишдир. Орқага айлантириб бўлмайдиган, ҳар хил усуллар ёрдамида фойдаланилган сув миқдорини камайтириш имконини йўққа чиқарадиган ҳисоблагичларни жорий қиламиз. Бу бўйича бизнинг лойиҳаларимиз бор. У Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилади», - деди вазирлик раҳбари Солиев. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид