Жавод Зариф: АҚШда жунгли қонунлари амал қилади
Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф АҚШ томонидан унга виза берилмагани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва Теҳрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қонуний жавоб қайтаришини маълум қилди.

Фото: Reuters
7 январь куни турли нашрлар Вашингтон Эрон ташқи ишлар вазирига виза беришдан бош тортгани тўғрисида хабар тарқатганди.
Амалдор БМТ Хавфсизлик кенгашининг 9 январь куни Нью-Йоркда ўтказиладиган йиғилишида иштирок этмоқчи эди.
Зарифнинг сўзларига кўра, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео виза беришни рад этиш қарорини декабрь ойида берилган сўровни кўриб чиқишга улгуришмагани билан изоҳлаган.
«Мен улардан [Америка ҳукумати] бирор ваъдага вафо қилишни кутмайман, шу туфайли бундан ажабланганим йўқ. Аммо шуниси ажабланарлики, улар нимадан қўрқишади? Мен Нью-Йоркда қандай ёмон иш қилишим мумкин?» - деган вазир.
Зарифнинг қайд этишича, АҚШ бошқа давлат ҳудудида Ироқ ва Эроннинг бир неча юқори мартабали амалдорларини ўлдириш билан амалда уруш йўлига ўтди. Вазирнинг фикрича, бу ҳаракатлар оқибати америкаликлар кутганидан бутунлай бошқача бўлади.
«Мен ўйлайманки, давлат котиби Помпео президентни [Дональд Трамп] чалғитмоқда. У Теҳрон ва Бағдод кўчаларидаги одамлар рақс тушиб юрибди деб ўйлади... Аммо ўйлайманки, у ҳозир, Ироқ ва Эрондаги гуманизм денгизига гувоҳ бўлди. Наҳотки у Америка ташқи сиёсатини йўлдан адаштириб юборганини тан олмаса?» - дея савол қўйган вазир.
Зариф расмий Теҳрон Вашингтоннинг ҳаракатларига жавоб қайтаришини, аммо жавоб зарбаси «қонуний мақсадлар»да берилишини айтиб ўтган. У ушбу ибора орқали нимани ифодаламоқчи бўлганини келтирмаган.
Вазирнинг фикрича, АҚШнинг бундай ҳаракатлари америкаликларнинг ўзига ҳам ёқмайди.
«АҚШ қонунлар қатъий амал қиладиган давлат экани билан фахрланарди. Аммо ҳозир кўрмоқдамизки, у ерда жунгли қонунлари амал қилмоқда», деган Жавод Зариф.
Инқирознинг чуқурлашиши
АҚШ ва Эрон муносабатларидаги навбатдаги инқироз 3 январь куни Бағдодда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони Қосим Сулаймоний америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилиши ортидан юзага келди. Пентагон Сулаймоний АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойишига биноан йўқ қилинганини маълум қилди.
Сулаймонийни ўлдириш амалиёти Американинг Бағдоддаги элчихонаси намойишчилар томонидан қамал қилиниши ортидан ўтказилди. Вашингтондагиларнинг фикрича, дипломатик миссияга ҳужум генерал Сулаймоний топшириғи билан амалга оширилган.
Америкалик ҳарбийлар маълумотларига кўра, Қосим Сулаймоний ва унинг махсус бўлинмаси Яқин Шарқда юзлаб халқаро коалиция таркибидаги америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлишида ва минглаб киши жароҳат олишига жавобгардир.
7 январь куни Ироқ парламенти Америка армияси ва Пентагон террорчи ташкилотларга тенглаштирилиши назарда тутилган қонун лойиҳаси учун овоз берди. Ҳужжат матнига кўра, Пентагоннинг барча аъзолари, шунингдек у билан алоқадор муассаса ва ташкилотларнинг аъзолари террорчилар қаторига киритилган.
Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун АҚШдан ўч олишнинг 13 та вариантини тайёрлади. Кенгаш котиби Али Шамханийнинг айтишича, «ҳатто энг заиф жавоб ҳам Америка учун тунги даҳшат бўлади».
Мавзуга оид

20:02 / 05.04.2021
Шавкат Мирзиёев Эрон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

21:52 / 04.04.2021
Эрон ташқи ишлар вазири Тошкентга келди

20:53 / 05.07.2020
Рэпер Канье Уэст ўзини Трамп ўрнига таклиф қилди. Бу жиддийми?

10:03 / 05.07.2020