Ўзбекистон | 21:00 / 07.01.2020
56101
12 дақиқада ўқилади

Янги паспорт, прописка ва фуқаролик олишдаги ҳужжатбозликлар – мутасаддилар билан суҳбат

Сўнгги йилларда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш органлари фаолиятида қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Бу ўзгаришларни миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида электрон навбат тизими жорий этилгани, фуқаролар учун чет элга чиқиш паспортлари бериш тизими осонлашгани, чет элга чиқишда сўраладиган ортиқча ҳужжатбозликларнинг камайганида ҳам кўриш мумкин.

Kun.uz тизимдаги ўзгаришлар, прописка масаласи ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов билан суҳбат ташкил қилди.

«Фаррух Дадахўжаевнинг танқидлари ўтмиш учун тўғри эди»

Дониёр Тошхўжаев

Суҳбат аввалида Дониёр Тошхўжаевдан бир муддат аввал Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаевнинг «паспорт стол»ларнинг криминаллашиб кетгани ва фуқароларга кўрсатиладиган хизмат сифати қониқарли эмаслиги борасидаги баёноти бўйича фикрларини сўрадик.

— Фаррух Саидаҳмедовичнинг тизим ҳақидаги фикрлари билан танишиб чиқдим. «Паспорт стол»лардаги пулга хизмат кўрсатишлар, навбатлар ва бошқа норозиликлар бўйича айтган гаплари барчаси тўғри. Фақат бу у кишининг ўзи айтганидай «паспорт стол»лар, яъни, ўтмиш учун тўғри эди.

Ҳозир Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг бўлимларида катта ўзгаришлар қилинган.

Тўғри, мен коррупция умуман йўқолди, биз яхши ишлаяпмиз, деб айтолмайман. Коррупциянинг қандайдир элементлари ҳамон тизимда сақланиб қолмоқда, лекин кўплаб янгиликлар қилинмоқда.

Масалан, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг февраль ойида ички ишлар идораларида йиғилиб қолган муаммолар ва уларнинг ечимларига қаратилган видеоселектор ўтказди. Унда президент соҳадаги муаммолар билан бирга яна бир фикрни айтди: «Мен тизимдаги барча соҳада сизларга шароит қилиб бераман ва кейин ишни талаб қиламан». Ҳақиқатдан ҳам, шундан кейин тизимга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги вақтда Тергов департаментининг ўз депозит ҳисоб рақами ва унда ўз пулимиз бор. Шу орқали бошқалардан пул сўраб юрмаяпмиз.

2018 йилда вазиримиз Пўлат Бобожоновнинг президент админстрациясига киритган таклифи бўйича, ички ишлар органидаги вазир ўринбосарлари ва жойлардаги бошқарма бошлиқларининг ўринбосарлари тизимдаги турли йўналишларга (куратор) раҳбар қилиб белгиланди. Улар эндиликда ўша йўналиш назоратини ҳам олиб боришмоқда.

Ўша таклифда миграция хизматини Тергов бошқармаси раҳбарига топшириш ҳамда буни биринчи бўлиб Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиб кўриш айтилганди. Бунда Тергов бошқармасига миграция тизимдаги муаммоларни ўрганиш, уларга ечим топиш, умуман олганда фуқароларни рози қилиш вазифаси қўйилди.

Мен сизга ўрганишлар давомида аниқланган бир нечта муаммоларни айтаман.

Биринчи муаммо – тумандаги раҳбарларнинг ўзида. Бунда ҳар қандай масала билан келган фуқаро албатта раҳбардан имзо қўйдириши керак бўлган. У прописка бўладими, виза, биометрик паспорт, умуман, барча масалада. Бу раҳбарлар доим ўз хонасида ўтирган ва истаса фуқароларни ишини ҳал қилган, истаса йўқ. Истаган фуқаро билан хонасида истаганича ўтирган. Биттагина имзо билан иши битадиган фуқаролар эса соатлаб навбат кутган, раҳбарнинг эса бу билан иши бўлмаган.

Биз шунинг учун Тошкент шаҳридаги барча миграция раҳбарларини ўз хонасидан ташқарига, холларга чиқардик. Улар эндиликда ўз фаолиятини маълумотлар бурчаги, барча фуқароларга кўриниб турадиган жойда олиб боради. Фуқаронинг масаласи эшикдан кириши билан раҳбар ёки унинг ўринбосари орқали ҳал қилинмоқда.

Иккинчи муаммо – 2011 йилда тизимда амалга киритилган кўрсатма. Бу кўрсатма халқ тилида «18-35» номини олган. Бу кўрсатмага кўра, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёл виза расмийлаштиришга келганда албатта тумандаги тезкор ходимга (опер) учрашиб, рухсат олиши керак бўлган.

Бу рухсат олиш ҳам кўплаб оворагарчилик ва ҳужжатбозликларни талаб қилган. Масалан, ўрганишда шу нарса аниқ бўлдики, бу тезкор ходимлар аҳолини ҳафтада икки кун, сешанба ва пайшанба кунлари, соат 16:00дан 18:00гача қабул қилган. Тезкор вакилни ўша кунлари ва ўша вақтда топиш ҳам катта муаммо бўлган.

Тезкор ходим мурожаатчига камида ўнта ҳужжат тўлдириб келишни топширган. Бунинг ичида тиббий текширув, турмуш ўртоғидан розилик ва бошқа керак, керак эмас ҳужжатлар талаб қилинган.

Бу ҳужжатбозликлардан мақсад аёлларни четга фоҳишабозликка чиқиб кетиши ва одам савдосининг олдини олиш бўлган. Аммо тизимнинг икки йиллик фаолияти ўрганилганда, хотин-қизларнинг бирорта ҳам фоҳишаликка кетаётгани ёки одам савдоси қурбонига айланиши мумкин бўлган ҳолат аниқланганини кўрмадик.

Биометрик паспорт олмаганлар жами фуқароларнинг 0,1 фоизига ҳам етмайди

Улуғбек Муҳамедов

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар белгиланган.

Хўш, Ўзбекистонда эски намунадаги (нобиометрик) фуқаролик паспортини янгиси (биометрик)га алмаштирмаган фуқаролар қанчани ташкил қилмоқда ва улар қанча миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлишади? Саволга Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов жавоб берди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини биометрик паспорт билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг нобиометрик шаклдаги паспорти амал қилиш муддати 2018 йилнинг 1 июль кунига қадар белгиланган эди. Муддат тугашига оз қолганида паспорт олиш ёшига етган ва Ўзбекистон Республикасининг нобиометрик шаклдаги паспортига эга бўлган фуқаролар қонунчиликда белгиланган маъмурий жавобгарликка тортилиши эҳтимолини назарда тутиб, аҳолига имконият яратиш мақсадида бу муддат 2019 йилнинг якунига қадар узайтирилган эди. 

Биз бу борада фуқаролар бехабар қолмаслиги учун турли тарғибот ишларини олиб бордик. Хусусан, метро, автобуслар, миграция хизматлари ва бошқа жамоат жойларида эълонлар жойлаштирдик.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат персоналлаштириш марказидан олинган рўйхатларимиз бор. Бу рўйхатга кўра, ҳозирда 5 000га яқин фуқаролар нобиометрик шаклдаги паспортда қолмоқда (суҳбат 2019 йил декабрь ойида ёзиб олинган - таҳр.).

Бу ҳолатлар ҳам таҳлил қилиб кўрилган ва унга кўра, биометрик паспорт олмаган фуқароларнинг кўпчилиги бугунги кунда Ўзбекистонда эмас. Бу рақам эса жами фуқароларнинг 0,1 фоизига ҳам тўғри келмайди.

Эндиликда эски намунадаги (нобиометрик) фуқаролик паспортини янгиси (биометрик)га алмаштирмаган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси биринчи қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми (111 500 сўм)дан уч баравари (669 000 сўм)гача миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлишади.

Шунингдек, биз фуқароларнинг нобиометрик ва четга чиқиш паспортлари олишини осонлаштириш мақсадида икки йўналишда ишларни йўлга қўйганмиз. Унга кўра, авваллари фуқаролар четга чиқиш учун ҳужжат олишни ойлаб кутган бўлса, ҳозирда бу муддат 10 кунни ташкил қилмоқда.

«2007 йилдан 2016 йилга қадар бирорта шахс Ўзбекистон фуқаролигини ололмаган»

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролигини олган шахслар сони ортиб бормоқда. Бу борада олдиндаги режалар билан қизиқдик. Дониёр Тошхўжаев бу борада қуйидаги маълумотларни келтирди.

– Ўзбекистонда 1992 йилдан 2007 йилга қадар фуқаролик олган шахслар сони 480 нафарни ташкил қилган. 2007 йилдан 2016 йилгача эса бирорта шахс Ўзбекистон фуқаролигини ололмаган.

2016 йил сентябрдан ҳозирга қадар 10 мингдан зиёд шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Ҳозирги вақтда яна 223 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролини бериш жараёни кетяпти.

Биз ҳозир фуқаролик олиш бўйича қонунга ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқяпмиз. Агар бу таклиф депутатлар, сенаторлар ва президент томонидан маъқулланса, ҳозиргача фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 50 фоизи қарорни кутмасдан туриб Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблана бошлайди. Уларга паспорт расмийлаштирилади.

«Прописка тизимида катта ўзгариш кутилмоқда»


«Прописка» деганда ўзбекистонликлар учун оғриқли мавзулардан бири кўз олдимизга келади. Ўзбекистон ўз фуқароларига прописка тизимини жорий қилган ва уни бузганларни жаримага тортувчи камдан-кам давлатлар сирасига киради.

Кўпчилик ўзбекистонликлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўзи сотиб олган уйида вақтинчалик пропискада туриб келади. Айнан прописка сабаб яқин-яқингача ҳам кўплаб малакали кадрлар пойтахтда ишлаш имкониятидан мосуво бўлиб келарди. Биз бу борада кўзда тутилаётган ўзгаришлар бўйича иккала мутасаддидан изоҳ сўрадик.

Дониёр Тошхўжаев:

– Биз ҳам ОАВдаги аҳоли мурожаатлари, фикрларини ўрганиб борамиз. Бу масалани бир куннинг ўзида ҳал қилишнинг ўзи нотўғри бўлади. Масала узоқ таҳлилларни талаб қилади.

Улуғбек Муҳамедов:

– Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка масаласи аввало қонун билан тартибга солинган. Бу қонунни тартибга солиш эса ўрганишларга асосланган. Айтиб ўтганингиздек, бу масалада мурожаатлар жуда кўп.

Нима учун Тошкент шаҳрига прописка ёпиқ? Бироз изоҳ бермоқчиман. Прописка ёпиқ, деган ибора сал ноўрин, деб ҳисоблайман. Сабаби қонун билан тартибга солинган 12та модда бор. Унга кўра, кимлар пропискага ўтиши белгилаб берилган.

Президентнинг 2018 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4079-сонли қарори билан, 2021 йилдан республика ҳудудида персоналлаштирилган ID карталар жорий қилинади.

Ҳозирда ривожланган хорижий давлатлар тажрибалари ўрганилмоқда. ID карталарни киритиш чоғида прописка масаласини ҳам соддалаштириш режалаштирилмоқда.

Дониёр Тошхўжаев:

– Бу масала ҳозирда тегишли вазирликлар томонидан ўрганилмоқда. Масалан, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар. Улар нимани ўрганмоқда? Дейлик, биз пропискани очиб қўйдик. Миллионлаб фуқаро Тошкентга келади ва табиийки, давлат ўша фуқаролари олдидаги мажбуриятларини бажариши керак бўлади. Яъни мактаб ўқувчилари мактабга, боғча ёшидагилар боғчага жойлашиши, фуқаролар ишга жойлашиши, тиббий ва бошқа хизматлардан фойдаланиши керак. Вазирликлар эса бу борада имкониятларни ўрганмоқда.

Мен бу ўрганишларнинг якуний муддатини аниқ айтолмайман, лекин энг узоғи 2021 йилгача, яъни ID карталарга ўтиш пайтида бу масала ҳал бўлган бўлади.

Улуғбек Муҳамедов:

– Аксарият ривожланган давлатларда ID карталар тизими амал қилади. Паспорт эса фақат хорижга чиқишда керак бўлади.

Саволни аниқ бердингиз, прописка тизими қачон бекор қилинади? Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман, бизга прописка тизимини бекор қилиш масаласи қўйилган, лекин қайд қилиш масаласи бор. Барча вазирликлар имконияти ўрганиб чиқилгач, ID карталар орқали фуқароларга енгиллик яратилади. Бу тизим орқали прописка тизимини тўла йўқотиш назарда тутилган.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид