Жаҳон | 10:30 / 08.01.2020
57645
2 дақиқада ўқилади

Эронда қулаган самолётнинг барча йўловчилари ҳалок бўлган - ОАВ

Фото: AP Photos/Mohammad Nasiri

Эронда қулаган Украина лайнери бортида бўлган барча инсонлар ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Reuters Эрон телевидениесига асосланиб.

«РИА Новости»га мамлакат Авиация вазирлиги вакили Жаъфар Зоданинг маълум қилишича, самолётда 167 йўловчи бўлган. Эроннинг Press TV телеканали хабарига кўра, бортда камида 170 киши бор эди.

Теҳрондаги шошилинч ёрдам маркази раҳбарининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Ҳозирда қутқарувчилар тахминан икки гектар ҳудудда йўловчиларнинг жасадларини йиғишмоқда, улар кейин суд-тиббиёт экспертларига топширилади.

Boeing 737 йўловчи самолёти Теҳрондаги Имом Хумайний халқаро аэропортидан парвозга кўтарилганида қулаб тушди. Лайнер Украина авиакомпаниясига тегишли. Ҳалокатга «техник муаммолар» сабаб бўлган.

Flightradar сервиси маълумотларига кўра, гап PS752 рейси ҳақида бормоқда. Самолет Теҳрондан Тошкент вақти билан 6:42да учган ва орадан икки дақиқа ўтиб сигнал юборишни тўхтатган.

Ушбу рейс ҳақидаги маълумотлар «Украина халқаро авиайўналишлари» сайтида мавжуд. У ерда самолёт Киевга соат 5:15да учиб кетгани маълум қилинган.

Ўз навбатида, Иорданиянинг Al-hadath нашри маълумотига кўра, самолёт тасодифан Эрон ракетаси билан уриб туширилган бўлиши мумкин. Бироқ, бу фақат версиялардан бири экани айтилмоқда.

Мавзуга оид