Ўзбекистон | 13:08 / 09.01.2020
5366
3 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат стоматология институти халқаро ISO сертификатига эга бўлди

Тошкентда ташкил этилган «Олий тиббий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «ҲАБ»га айлантиришга доир ислоҳотлар» мавзусида ўтказилган халқаро ўқув-услубий конференция очилишида Тошкент давлат стоматология институтига халқаро ISO сертификати топширилди.

«Юртимиздаги олий таълим муассасалари орасидан биринчилардан бўлиб, институтимизнинг халқаро ISO сертификатига эга бўлганидан жудаям мамнунмиз. Бу таълим жараёни халқаро стандартларга мос равишда давом этаётгани, халқаро рейтингларга кириш имкониятимиз ошиб, институтимиз нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам ўз рейтингига эга бўлишини англатади. Умуман олганда олий ўқув юртимиз кўплаб ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, ўтган йилда институтимизда «Стоматология Юга-2019» халқаро олимпиадаси ўтказилди ва унда талабаларимиз энг юқори ўринларни эгаллади. Шунингдек, муассасамиз Халқаро стоматологлар федерацияси, Европа кариесология ассоциацияси, Халқаро тиббиёт талабалари уюшмалари федерацияси, Америка ринологлар жамияти ҳамда Япония жарроҳлар уюшмасининг тўлақонли аъзоси бўлди», дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Жасур Ризаев.

Тошкент давлат стоматология институти қисқа давр мобайнида қатор ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб факультетларнинг барча курсларида айрим мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилди.

«Бундай замонавий имкониятлар малакали кадрлар тайёрлаш, стоматология соҳасида жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларини кенг жорий этиш, халқимизга кўрсатилаётган стоматологик хизматни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлмоқда. Бундан ташқари, ўқитувчиларимиз ва талабаларимизнинг хорижда малака ошириб келишлари, чет эл олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг келиб талабаларга маҳорат дарслари ўтишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институтда халқаро қўшма икки дипломли таълим дастурлари сони бакалавр босқичида 4та, магистратурада 9та, клиник ординатура йўналиши бўйича 3тага етди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар эса таълим сифати ва малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан тузилган рейтингда Тошкент давлат стоматология институти юртимиз олий ўқув юртлари орасида 8 ўринни эгаллаб, тиббиёт олий таълим муассасалари орасида энг юқори натижани қўлга киритгани ҳам таълим муассасасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид