Арипов видеоселектори: Ғишт ишлаб чиқарувчиларга газ беришни тўхтатиш режалаштирилмоқда
Бугун, 11 январь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида табиий газ бўйича дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Kun.uz манбасининг хабар қилишича, унда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини электр энергияси табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш ва энергияси ресурслари учун қарздорлик ҳолатлари муҳокама этилди.
Жумладан, бош вазир энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва ўғирлик ҳолатларига тўхталди. Табиий газдан ноқонуний фойдаланиб етказилаётган катта миқдордаги зарар асосан иссиқхона хўжаликлари ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган соҳаларга тўғри келаётганини маълум қилди.
Ҳукумат раҳбари Қибрай, Оҳангарон, Сирдарё, Янгийўл, Самарқанд, Юқори Чирчиқ, Урганч туманлари ва Ангрен, Навоий шаҳарларида табиий газни талон-торож қилиб, давлатга миллиардлаб зарар етказаётган оҳак, ғишт, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналарини номма-ном санаб ўтди.
«Нима, ўша ердаги газчилар билмайдими буни? Ёки Мажбурий ижро бюроси ходимлари қаерга қараяпти? Шерик-да! Шерик! Шунча пуллик газни бир кунда ўғирлаб бўлмайди-ку!
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг келиб чиқишига истеъмолчилар билан бирга газ таъминоти корхоналари раҳбар ва ходимлари ҳам жавобгар. Чунки газ таъминоти тизимига адашиб келиб қолган баъзи нопок кимсалар ноқонуний истеъмолчилар билан табиий газни талон-торож қилишга ёки шароит яратиб беришган, ёки тил бириктириб ноқонуний ишларга йўл қўйган», - деган Арипов.
Бош вазир соҳа мутахассисларидан тадбиркорларни келгусида пишиқ ғишт ва оҳак ишлаб чиқариш учун табиий газ берилиши тўхтатилиши ҳақида хабардор қилишларини сўраган.
Шунингдек, йиғилишда барча ҳудудлар раҳбарлари табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, йирик миқдорда зарар етказган истеъмолчиларни аниқлаб, оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориши лозимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир Абдулла Арипов 2019 йил июнь ойи бошларида фарғоналик тадбиркорлар билан учрашув чоғида яқин орада мамлакатда ғишт ишлаб чиқариш тўхтатилишини маълум қилганди.
А.Арипов ғишт ишлаб чиқаришнинг табиий ва иқтисодий зарари кўплигини билдирган.
«Тупроқни қайта тиклаб бўлмайди. Ернинг унумдорлиги пасайиб кетади. Газ сарфи катта. Экология ва атроф-муҳитга салбий таъсири юқори. Собиқ иттифоқ мамлакатларидан ташқари, кўплаб давлатлар, хусусан, Европа давлатларида ғишт ишлаб чиқаришдан аллақачон воз кечишган. Бунинг ўрнига газобетон, пенобетон ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак. Иморатимиз сифатли бўлади. Уйнинг ҳароратини меъёрда сақлайди. Қулай томонлари кўп», - деганди ҳукумат раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 23 май куни қабул қилинган «Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутган ҳолда цемент ишлаб чиқарувчилар, ғишт заводлари, сўндирилган оҳак ишлаб чиқарувчи цехларнинг энергия тежамкорлигини, шу жумладан, кўмирдан ва табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга ўтказиш орқали босқичма-босқич ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланган.
Мавзуга оид
16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024