Ўзбекистон | 23:33 / 11.01.2020
46337
3 дақиқада ўқилади

Лойиҳа қиймати, инвестиция киритаётган «Poling group» ва «Disney»ча аттракционлар – президент бориб кўрган «Magic city» ҳақида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 январь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бу ерда «Magic city» (Сеҳрли шаҳар) номли замонавий маданият ва истироҳат боғи барпо этилмоқда. 

Тадбир давомида лойиҳа бош менежери Бобур Турсунов маданият ва истироҳат боғи қурилиши бўйича журналистлар саволларига жавоб қайтарди. 

Икки босқичли қурилиш ва дунё стандартлари

Бобур Турсуновга кўра, маданият ва истироҳат боғи қурилиши ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда. 

— «Magic city», ўзбекча айтганда, «Сеҳрли шаҳар» номли лойиҳамизнинг биринчи босқичида 9 гектар майдонда океанариум, амфитеатр, кинотеатр, кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилади. 

Бу ерда оилавий келиб дам олиш учун барча шароитлар яратилади.

Иккинчи босқичда дунё стандартларидан келиб чиққан ҳолда, 12 гектар ҳудудда мавзули парк, болалар учун автодром ва аттракционлар, аквапарк бунёд этилади. 

Бугун президент лойиҳа билан танишиш чоғида уни янада бойитиш бўйича ўз таклифларини берди. Жумладан, маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида «Magic city» яқинида меҳмонхоналар қуриш таклиф қилинди.

Лойиҳанинг умумий қиймати ҳақида

Бош менежер саволларга жавоб қайтарар экан, лойиҳанинг умумий қийматига ҳам аниқлик киритди.

— Лойиҳанинг умумий қиймати 60 млн долларга баҳоланган. 

Бу ерда шунингдек, кафе ва ресторанлар, савдо дўконлари ташкил қилинади. Ҳаво мусаффолигини таъминлаш мақсадида каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, эман, қайин каби дарахтлар экилади.

Истироҳат боғи тўлиқ модернизация қилингач, бир кунда 10 минг кишигача хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини ҳам оширади.

«Сеҳрли шаҳар»да ҳам дунёга машҳур «Disney» ва «Universal» паркларида бўлгани каби барча аттракционлар бўлади.

«Magic city»га инвестиция қайси давлатдан киритилмоқда?

Журналистлар океанариум қурилишига қайси давлатдан инвестиция киритилаётгани билан ҳам қизиқишди.

«Маданият ва истироҳат боғи қурилиши учун инвестиция Туркиянинг машҳур «Poling group» компанияси томонидан киритилмоқда. 

Бу океанариум Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида ягона ҳисобланади. 

Шунингдек, лойиҳанинг биринчи босқичи 2020 йилнинг 1 сентябрь куни, иккинчи босқичи эса 2021 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилади», —дея лойиҳа бош менежери Бобур Турсунов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид