Ўзбекистон | 22:52 / 11.01.2020
28315
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент аҳоли яшашига ҳар томонлама қулай шаҳарга айлантирилишини айтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 январь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва шу ернинг ўзида Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот қилди. 

Мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан президентга Тошкент шаҳрида режалаштирилаётган қурилиш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, шаҳар ҳокими сўзларига кўра, 2020 йил давомида пойтахтда жами 302та кўп қаватли уй, 17262та хонадон қурилиши режалаштирилмоқда. Қурилишларнинг умумий майдони эса 1 201,30 кв.м ни ташкил қилади.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги қурилиш ишларида эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.

«Биз Тошкент шаҳрини аҳоли яшашига ҳар томонлама қулай шаҳарга айлантириш учун турли лойиҳалар, янги қурилишлар қиляпмиз. 

Албатта, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида айрим биноларнинг бузилиши табиий ҳол. Аммо ҳар қандай қурилиш ҳам, бузилишлар ҳам энг аввало халқнинг розилиги билан бўлиши керак.

Ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг компенсация тўловини тўлаб, аҳоли рози бўлгачгина янги қурилишни бошлаши керак.

Ҳозир ҳаммаси осон. Оммавий ахборот воситалари ривожланиб бормоқда. Улар ҳар бир ҳаракатимизни кузатиб, ёритиб боришмоқда. 

Менга уй-жойни ноқонуний бузиш орқали аҳолини норози қилиш, шунингдек, ноқонуний бузилишлар туфайли Ўзбекистон имижи дунёга нотўғри жиҳатдан кўриниши керак эмас», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид