Жаҳон | 01:09 / 13.01.2020
18232
1 дақиқада ўқилади

Австралияда оч қолган кенгуруларга ҳаводан тонналаб картошка ва сабзи ташланди

Фото: Twitter/Matt_KeanMP

11 январда Австралия миллий боғларининг ёввойи табиат қўриқчилари ўрмон ёнғинларидан азият чекаётган Янги Жанубий Уэлс штатида оч қолган кенгурулар учун ҳаводан бир неча тонна картошка ва сабзи ташлашди. Бу ҳақда Австралия энергетика ва атроф-муҳит вазири Мэтт Кин твиттердаги саҳифасида хабар қилди.

Австралиянинг шарқий соҳилларида 2019 йилнинг октябрь ойидан бери катта кўламли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Ёнғинлар натижасида 8 млн гектардан ортиқ ўрмонзор, 3 мингга яқин тураржой ва 4 мингдан ортиқ маъмурий ва хўжалик биноси ёниб кул бўлган. Ёнғинлар оқибатида 25 киши, жумладан 4 ўт ўчирувчи ҳалок бўлган, 1 млрддан кўпроқ жонзот нобуд бўлган. 

Ёнғинлардан кўрилган иқтисодий зарар 3,1 млрд долларга баҳоланмоқда.

Аввалроқ Австралия ҳукумати ўрмон ёнғинлари вақтида кўп миқдорда сув ичаётган минглаб туяларни ўлдиришга қарор қилгани маълум қилинганди.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид