Ўзбекистон | 09:58 / 13.01.2020
18532
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартиби соддалаштирилди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлигининг фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали тақдим этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Белгиланишича, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;

фуқароларга Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади;

наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 1 апрелга қадар автоматлаштирилган электрон ахборот тизимига Руҳий касалликлар бўйича диспансер ва Наркология диспансери ҳисобида турган фуқаролар ҳақида тегишли маълумотларни киритиб, электрон база шакллантирилишини таъминлайди ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда тегишли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2020 йил 1 февралга қадар давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланишини;

2020 йил 1 мартга қадар Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ҳудудий бўлинмаларнинг ЯИДХПга уланишини;

2020 йил 1 апрелга қадар Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда Давлат хизматлари марказларининг ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди.

Давлат хизматлари агентлиги ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади.

Мавзуга оид