Фан-техника | 20:30 / 15.01.2020
12204
2 дақиқада ўқилади

Британия компанияси дунёдаги энг йирик ҳаво кемасининг серияли версиясини тақдим қилди

Британиянинг Hybrid Air Vehicles компанияси дунёдаги энг катта ҳаво кемаси ҳисобланувчи Airlander 10 парвоз қурилмасининг серияли ишлаб чиқарилувчи версиясини тақдим қилди. Airlander 10’нинг парвоз синовлари ва сертификатлашни яқин орада бошлаш режалаштирилган.

Қурилмани яратиш ишлари 2000-йиллар ўрталаридан олиб борилади. Унинг прототипи илк парвози 2012 йилда амалга оширилган. Ўшандан бери у яна бир неча марта ҳавога кўтарилган, иккита парвоз эса фалокат билан якунланган. 

Серияли Airlander 10 ташқи кўринишидан прототипи каби дирижаблга ўхшайди, бироқ ҳаводан оғирроқ парвоз қурилмалари тоифасига киради. Гелий билан тўлдирилувчи бўшлиқлар ҳавога кўтарилиш ва ҳавода парвоз қилиш учун зарур бўлган кўтариш кучининг 40 фоизини таъминлайди, қолган кучни эса ҳаво паррагига эга электр двигателлар ҳосил қилади.

Шунингдек, қурилманинг серияли версияси прототипидан корпуси шакли ҳамда эни 6 метрлик ва узунлиги 46 метрлик гондоласи билан фарқланади. Бундан ташқари, қурилма тортиб олинувчи шасси ва тумшуқ остида жойлашган рул қурилмаси билан жиҳозланган.   

Hybrid Air Vehicles’да таъкидланишича, компания туристик фирмалардан 10 тадан кўпроқ Airlander 10 учун буюртмалар олган. Бундай биринчи қурилмани мижозларга 2024 йилда етказиб бериш режалаштирилган. 

Мавзуга оид