Иқтисодиёт | 19:40 / 15.01.2020
28134
3 дақиқада ўқилади

Президент видеоселектори: 2020 йил учун экспорт режаси 22 фоизга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

«Жаҳонда иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги даврда барқарорликнинг асосий омили ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашдир.

Экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида ўтган йили мамлакатимиз экспорти ҳажми 28 фоизга ўсди. Ҳудудий саноат экспорти қарийб 2 баробарга ошди.

Мазкур йўналишдаги кўрсаткичларни янада ошириш мақсадида бу йилдан бошлаб прогноз кўрсаткичларини белгилаш ва мониторинг қилиш бўйича янги тизим жорий этилди.

Авваламбор, экспорт прогнози 3 йиллик қилиб тасдиқланди. 2020 йил режаси ўтган йилгига нисбатан 22 фоиз кўп белгиланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Видеоселектор йиғилишида экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштириш йўналишларига масъул мутасаддиларнинг вазифалари кўриб чиқилди. Ҳар бир доллардан унумли фойдаланиш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарларининг шахсий масъулияти белгиланди.

Давлат раҳбари бундан буён тармоқ ёки ҳудуднинг масаласи деган сансоларлик бўлмаслиги, экспорт прогнози ижросини таъминлашга ҳар бир вазир, хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳоким билан бирга теппа-тенг жавоб беришини таъкидлади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жорий йилги экспорт прогнози ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиб, маҳсулотларни қаерга, қачон экспорт қилиш ва буни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш вазифаси қўйилди.

Тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ва автомобиль саноати каби етакчи тармоқлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига пахта толасини қайта ишлаш қувватларини 80 фоизга етказиш, янги корхоналар ҳисобига экспорт номенклатурасини диверсификация қилиш ҳамда географиясини кенгайтириш топширилди. 

Мамлакат экспортёрларининг салоҳиятли бозорларга киришини енгиллаштириш учун имтиёзли савдо режимини жорий этиш, «GSP+» умумий преференциялар тизимига қўшилиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди. 

Мавзуга оид