Жаҳон | 16:32 / 15.01.2020
113577
5 дақиқада ўқилади

Самолётга иккита ракета учирилган: «Боинг»га ҳужумнинг яна бир видеоси пайдо бўлди

Американинг New York Times газетаси Эрон ракеталари қандай қилиб «Украина халқаро авиалиниялари»га тегишли Boeing 737-800 самолётини уриб туширгани тасвирланган видеони тарқатди. Киевга учган самолёт 8 январь куни Теҳрондаги аэропортдан ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб фалокатга учраган. Унинг бортидаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Видеоёзув 14 январь куни эронлик фойдаланувчи томонидан YouTube порталига жойлаштирилган. Ушбу видео самолётга ракета учирилган ҳарбий объект яқинидаги бинога ўрнатилган кузатув камераси томонидан ёзиб олинган.

Оқ-қора видеода аввалига биринчи, кейин яна бир иккинчи ёрқин нуқта пайдо бўлишини кўриш мумкин. Иккинчи ракета самолётга биринчисидан  23 сония кейин бориб теккан ва портлаш юзага келган. Чақнашдан кейин қоронғи осмонда яна бир неча сония давомида ҳеч нарса кўринмаган, кейин пастга қулаётган объект ёна бошлаган.

New York Times нашри ушбу видео ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Кадрларда самолёт уриб туширилган 8 январь санаси эмас, «2019-10-17» рақамлари кўринган. Нашр талқинига кўра, бунга камера тизимида Григориан эмас, форс тақвимидан фойдалангани сабабдир.

Нашрнинг ёзишича, ракеталар самолёт учаётган масофадан тахминан 8 мил узоқликдаги (13 км) Эрон ҳарбий базасидан учирилган. Бу видео самолёт транспондери (самолёт турган жойи ҳақида маълумот берувчи электрон қурилма) иккинчи ракета зарбасидан олдинроқ ишламай қолганини изоҳлайди - самолётга иккита ракета бориб теккани тасдиқланмаганди. Шунингдек, ракеталардан ҳеч бири самолётни ҳавода йўқ қила олмагани тасдиқланди. Авиалайнер аввалига ёна бошлаган, кейин портлаш рўй бериб қулаган, самолёт учувчилари бу вазиятда ҳеч нарса қила олишмаган - у Халаж Абад қишлоғи устига тушишига бир бахя қолган.

Самолёт Эрон Ироқдаги америкаликларнинг ҳарбий базаларига йўлланган ракета зарбаларидан кейин бир неча соат ичида Теҳрон аэропортидан учиб кетган 19 самолётдан бири бўлган.

Эрон Украина лайнерини уриб туширганини тан олиб, буни оператор хатоси деб изоҳлади - оператор самолётни америкаликларнинг қанотли ракетаси деб ўйлаган. Эрон ҳарбийлари маълумотига кўра, лайнер «Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг муҳим объектига жуда яқин масофада учган ва унинг баландликдаги ҳолати душман объектини эслатиб юборган».

Аввалроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эрон ҳукумати фикрича самолётга ракета бориб тегиши тасвирланган бошқа видеони тарқатган шахсни қўлга олгани ҳақида хабар тарқалганди. Қўлга олинган шахсга миллий хавфсизликка таҳдид бўйича айблов эълон қилингани айтилмоқда.

Лондонда фаолият кўрсатувчи журналист Нариман Ғарибнинг айтишича эса (у ушбу видеони биринчи бўлиб интернетга жойлаганди), эронликлар бошқа одамни ушлашган. «Видеони менга етказган шахс хавфсиз жойда. Ишонтириб айтаманки, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси навбатдаги ёлғонни тўқиб чиқармоқда», - дея ёзган журналист.

Эронда авиаҳалокатдан кейин норозилик намойишларига чиққан кишилардан 30 нафари қўлга олинган. Уларни «ноқонуний йиғилиш»да иштирок этишгани учун ушлашган.

Авиаҳалокат 8 январь куни Яқин Шарқдаги можаро кескинлашган вақтда рўй берди. Ўша куни Эрон ҳарбийлари Ироқдаги АҚШ базаларига ракета зарбалари йўллаганди. Бу америкаликлар Эроннинг юқори лавозимли амалдори генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиришига жавоб бўлди.

Эрон бош штаби Ироқдаги базаларга берилган ракета зарбаларидан кейинги соатлар давомида америкаликнинг ҳарбий самолётлари учиши кескин даражада ошганини, бу ҳолат эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ходимларининг ҳаракатларига таъсир кўрсатганини маълум қилганди.

11 январь куни The New York Times журналисти Кристиан Триберт ҳам Украина самолёти томон ракета учирилишининг видеосини эълон қилганди.

Мавзуга оид