Ўзбекистон | 18:02 / 15.01.2020
11502
2 дақиқада ўқилади

Туҳмат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини бекор қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги президент қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этишни чиқариб ташлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

«Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишингиз ва ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин», дея ёзади АОКА директори Комил Алламжонов телеграмдаги каналида.

2019 йилнинг 14 декабрида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарор имзолаган, унга кўра мансабдор шахсларнинг журналистларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилиш тизими кучайтирилиши кўзда тутилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрь ойи охирида Андижонда блогер Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва безориликда айбланиб 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланганди.

Комил Алламжонов ушбу ҳолатга муносабат билдирганди.

«Бизнинг агентлик фуқаро Абдуфатто Нуритдинов билан боғлиқ суд қарорига таъсир кўрсатишга ҳақли эмас. Айбдор томон суд қароридан норози бўлса, кассация тартибида юқори турувчи суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу ҳолат туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш нормасини тезроқ бекор қилишни тақозо қилади», деганди Алламжонов.

Мавзуга оид