Ўзбекистон | 22:13 / 16.01.2020
51054
4 дақиқада ўқилади

«Биз буни орқага қайтармаймиз...» — Вазир ўринбосари янги стипендия тизимининг ҳуқуқий асоси ҳақидаги саволга жавоб берди

16 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтиш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Олий таълим вазирлиги мутасаддилари, ОТМ ректорлари президент қарори асосида (ПҚ-4391-сон) 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб тажриба-синов тариқасида ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ва янги тизим бўйича кутилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхоновнинг сўзларига кўра, мустақил молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасаларида давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади. Бу эса қабул квоталарини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни ошириш имконини беради.

«Мисол учун, 2020 йилдан ўзини ўзи молиялаштиришга ўтган олий таълим муассасалари қарийб 17 минг нафар талабани ўқишга қабул қилиши кутилмоқда, бу эса 2019 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоизга кўп.

Шунингдек, ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий этилиши олий таълим соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағлари ажратилишини камайтирмайди, аксинча, Ҳукумат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади. Таҳлилларга кўра, 2020 йилда республикадаги олий таълим муассасаларини молиялаштиришга 7 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбир давомида 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари талабаларига янги тартибда стипендия тўланаётгани, бу эса амалдаги қонунчиликка қанчалик мос келиши борасида савол берилди.

«2004 йилда тасдиқланган ва ҳозир ҳам ўз кучида бўлиб турган Йўриқномага кўра, олий таълим муассасалари талабаларига дифференциалланган стипендия бериши белгиланган. Йўриқномага кўра, 5 баҳо олган талабаларга 1 коэффициент, 4 баҳо – 0.75 коэффициент ва 3 баҳо олганларга 0.5 коэффициентда стипендия тўлаш керак. Аммо сентябрь ойидан буён бу қоидага риоя қилинмаяпти. 3 ва 4 баҳо олганларга 400 минг сўм, 5 баҳо олганларга эса 460 минг сўм стипендия берилмоқда. Ваҳолангки, бундай тўлов қилиш учун бирорта норматив ҳужжат қабул қилинмаган.

Бу ҳолат «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга зид эмасми? Нима учун амалда бўлиб турган Йўриқномага ҳеч бир асоссиз риоя қилинмаяпти?», дейилган саволда.

Саволга Сарвар Бузрукхонов жавоб қайтарди.

«Бизда ҳужжат бор. Бу 1339-сонли Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирликлари тасдиқлаган ҳужжат. Биз шу ҳужжат асосида стипендия тайинланганмиз.

Бу тизимга ўтилганининг ижобий томонлари ҳам бор. ОАВ тизимнинг бу томонларини ҳам жамоатчиликка етказиши керак. Вазиримиз бир неча кун аввал ҳам айтдилар, 5 баҳога ўқиган талабаларга қўшимча рағбатлантириш берилади. Бу бўйича шу кунларда Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам чиқади.

Биз стипендияни 400 минг сўм ва контракт тўловисиз қилиб белгилаганимиз бу Ўзбекистон халқига жуда катта имконият бўлди. Буни эса ҳеч ким гапирмаяпти.

Бугунги кунда 195 минг 890 нафар талаба (кундузги таълим) стипендиясиз ўқияпти ва улар контракт учун пул тўламаяпти.

Биз буни орқага қайтармаймиз. Орқага қайтилмайди. 62 фоиз талаба 3 баҳога ўқирди. Бу қарийб 200 минг талаба дегани. Бу орқага қайтмайди.

Эртага қарор чиқади ва ҳаммаси жойига тушади (Вазирлар Маҳкамаси қарори). Биз буни орқага қайтарсак, 200 мингта талабадан ҳам пулини қайтариб олишимиз керак бўларди. Бунга қандай реакция бўлади? Буни қайтариш ниятимиз йўқ, қайтарамиз, фақат талабаларга рағбатлантириш пулини берамиз.

Бу масалани алоҳида брифинг қилиб журналистларга етказамиз», деган Сарвар Бузрукхонов.

Мавзуга оид