Иқтисодиёт | 19:00 / 16.01.2020
42488
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 2020 йилда газ ва электр нархи сезиларли даражада ошиши мумкинлигини билдирди

Ўзбекистон Марказий банкининг 16 январь куни бўлиб ўтган кенгаш йиғилишида нархлар кўтарилиши билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолинаётгани қайд этилди.

«Хизматлар соҳасида таннарх кўп ҳолларда иш ҳақи даражасига ва коммунал соҳада эса энергия манбалари нархларига боғлиқ бўлганлиги сабабли ушбу соҳаларда ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, иқтисодиётга электр энергияси ва газни узлуксиз етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарблигининг ошиб бораётганлиги 2020 йилда улар нархларининг сезиларли даражада ошишини талаб этиши мумкин. Бу, ўз навбатида, асосий прогнозни қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин. Бироқ, ушбу омил бир марталик хусусиятга эга бўлиб, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича кейинги йиғилишларда эътиборга олинади.

Транспорт инфратузилмаси ва бозорлардаги рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида зарурий таркибий ислоҳотларни амалга ошириш инфляциянинг барқарор секинлашишининг асосий омили ҳисобланади.

Марказий банк инфляцион омиллар хусусияти ва хатарларни диққат билан ўрганиб бориши, инфляциянинг прогноз динамикасига нисбатан мустаҳкам ишонч ҳосил бўлган шароитда асосий ставкани пасайтириш бўйича тегишли қарор қабул қилиши билдирилган», дейилади МБ маълумотномасида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид