Иқтисодиёт | 11:38 / 16.01.2020
15257
8 дақиқада ўқилади

Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонунни ўзгартиришдан мурод нима?

Ижтимоий тармоқларнинг бугунги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуси ҳеч шубҳа йўқки, бу Ўзбекистон Республикасининг «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунга ўзгариш киритиш тўғрисидаги лойиҳа бўлмоқда.

Ушбу муҳокамаларда айтилаётган фикрлар ва ўзим гувоҳи бўлган воқеа-ҳодисаларни жамлаб, мазкур қонун лойиҳаси, умуман, Савдо-саноат палатаси фаолиятига доир хулосаларим билан бўлишишга қарор қилдим.

Савдо-саноат палатаси нима ўзи?

Палатанинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, у қуйидаги мақсадларда тузилган:

  • Тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш;
  • Бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа органлар ва ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш;
  • Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;
  • Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • Тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш.

Энди айтинг-чи, сўнгги марта савдо-саноат палатаси бирор тадбиркорлик субъектига кўмаклашганини қаерда эшитгансиз?

Масалан, ушбу мақолада қонун талаби ва устав мақсадларига кўра асосий вазифаси тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўлган палата, тижорат банкининг манфаатини кўзлаб, андижонлик бир тадбиркор муқаррар йўқлик сари юз тутишига сабабчи бўлгани ҳикоя қилинган.

Айрим ҳолларда, амалиётда ССП кредит можароларида тижорат банкларининг манфаатларини кўзлаб судга даъво ариза киритади ва бошқа бир субъектларнинг хонавайрон бўлишида бош-қош бўлади. Тадбиркорнинг ҳимоячиси экан, унинг фаолиятини издан чиқаришга эмас, балки шу муаммодан чиқиб кетишига ёрдам бериши керак эмасми аслида?

Тадбиркорлар қанча пул тўлашади?

Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси уставининг 5.5-бандига кўра, аъзоликка қабул қилинадиган хўжалик субъектларининг йиллик аъзолик бадаллари Палата ва хўжалик юритувчи субъектлари ўртаcида шартнома асосида белгиланади, лекин қуйидаги миқдордан кам бўлмаслиги лозим:

  1. юридик шахс мақомини олмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар — энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида;
  2. микрофирмалар — энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баравари миқдорида;
  3. кичик корхоналар — энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида;
  4. чет эл компанияларининг ваколатхоналари — энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида.

Устав талабларига кўра мажбурий аъзоликка қабул қилинадиган субъектларининг йиллик аъзолик бадаллари уларнинг асосий фаолиятдан келиб чиққан ҳолда қуйидагича қатъий миқдорларда белгиланади:

  • қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида;
  • қурилиш фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида;
  • улгуржи ва чакана савдо фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари миқдорида;
  • ташиш ва сақлаш фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • ахборот ва алоқа хизмати фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • соғликни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолияти – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • юқоридагилардан бошқа фаолиятлар – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
  • йирик солиқ тўловчилар тоифасига ўтказилган корхоналар – энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида;
  • давлат улуши бўлган банклар – энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 баравари миқдорида;
  • бошқа тижорат банклари – энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида;
  • давлат улуши бўлган суғурта компаниялари – энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида;
  • бошқа суғурта компаниялари – энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида.

(муаллиф: энг кам ойлик иш ҳақи дейилганда базавий ҳисоблаш миқдори назарда тутилган бўлса керак, лекин мен ўқиган уставда айнан шундай ёзилган эди)

Тадбиркор учун қандай фойдаси бор?

Тадбиркор судга Савдо-саноат палатаси орқали даъво аризаси киритганда давлат божидан озод қилинади. Тадбиркорлар палатадан кўрадиган битта-ю битта моддий манфаат шу.

Палатанинг штат бирликлари тадбиркорларнинг умумий сонидан бир неча ўн минг марта камроқдир. Штатини 10 карра оширган тақдирда ҳам уларнинг меҳнат ресурслари Қонуннинг 5-моддасида белгилаб берилган вазифаларини тўла бажаришга озлик қилса ажаб эмас.

Масалан, бир кичик туманнинг ўзида минглаб тадбиркорлик субъектлари бор. ССПнинг Марказий аппаратида умумий ходимлар сони 107 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида 19 нафардан 22 нафаргача, туман (шаҳар) ташкилотларида бир нафардан 3 нафаргача ходим ишлайди, холос. Улар тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга улгурадими? Ва умуман шу тизимдаги кадрларнинг салоҳияти тадбиркорларни ҳимоясини таъминлай оладиган даражадами? Алоҳида ҳокимият вакили бўлган судьяларки маҳаллий ижро ҳокимияти таъсири остидан чиқиб кета олмаётган бир пайтда, нодавлат-нотижорат мақомидаги бу ташкилотнинг тадбиркор манфаатларини кўзловчи талаби қанчалик кучга эга бўларкин?

У бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, бунисини ҳам

Энг мантиқсиз томони, айтайлик «Шовот» МЧЖ «Гурлан» МЧЖнинг устидан Савдо-саноат палатасига мурожаат қилди. Табиийки, иккала тадбиркорлик субъекти ҳам палата аъзоси. Шу ҳолатда нима бўлади: палата қай бир тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилади? Мантиқ йўқолиб қолмаяптими?

Хорижда бу борада аҳвол қандай?

Бошқа ривожланган давлатларни қўя турайлик, Россияда ҳам бундай палатага аъзолик ихтиёрийликка асосланган.

Хусусан, биз қонунларидан андоза оладиган Россия Федерациясининг «Россия Федерацияси Савдо-саноат палаталари тўғрисида»ги Федерал қонуни 7-моддасида муниципал ташкилотлардан ташқари барча тадбиркорлар палатага ихтиёрий аъзо бўлишлари белгиланган.

Қўшни Тожикистонда ҳам тадбиркорларнинг палатага аъзолиги мажбурий эмас.

Мақсад нима?

Маълумки, аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари палатанинг мол-мулкини шакллантириш манбаси саналади.

Гарчи қонун ва уставида баландпарвоз мақсадлар кўзланган бўлса ҳам, палата асосан тадбиркорлик субъектларидан пул йиғишга мўлжалланган ташкилот бўлиб қолмоқда.

Аъзолардан қанча пул йиғилади, улар қаёққа ҳамда нима мақсадлар учун йўналтирилади — бу ҳеч қачон очиқланмайди, аъзоларига ҳисобот берилмайди. Ваҳоланки, аъзолик бадаллари — бу бировларнинг пули, уни тўлаган тадбиркорлар бу пуллар қаёққа сарфланаётганини билишга ҳақли.

Яна нимани бошлашди ўзи?

Савдо-саноат палатасига 2018 йилдаги қонун билан йирик тадбиркорлар учун аъзолик мажбурий қилиб белгиланган. Шу пайтгача хусусий тадбиркорлар учун палатага аъзо бўлиш ихтиёрий эди.

Энди палатага мажбурий аъзо қилинадиган тадбиркорлик субъектлари сафини янада кенгайтириб, хусусий тадбиркорларни ҳам мажбуран аъзо қилишмоқчи. Яъни, тадбиркорларнинг эркинлигига ва хусусий мулк дахлсизлигига қонун йўли билан дахл қилиш режалаштирилаётгандек, гўё.

Савдо-саноат палатаси чиндан ҳам тадбиркорлар учун керакли ташкилот бўлса, аввал амалда ўзини кўрсатиши керак, сўнгра улардан наф борлигини англаган тадбиркорларнинг ўзлари жон деб ташкилотга ихтиёрий аъзо бўлишади. Аммо уларнинг бу тарзда мажбурлаш инсофдан эмас.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид