Жамият | 10:47 / 17.01.2020
27192
4 дақиқада ўқилади

«Билимингизга қарашади, ҳамёнингизга эмас» – Москвада ўқиётган ўзбекистонлик талабалар билан суҳбат

Ўзбекистон ёшлари орасида хорижда ўқиш истагида бўлганлар тобора кўпайиб бормоқда. Шуни инобатга олиб, Kun.uz хориж сафарлари давомида ватандош талабалар ҳаётини ҳам ёритиб боришни мақсад қилган.

Ўтган ҳафта Лондон университетларида ўқиётган ўзбекистонлик студентлар билан суҳбат эълон қилинган эди. Бир муддат аввал эса Москва Олий иқтисодиёт мактабида таълим олаётган ватандошларнинг талабалар турар жойидаги ҳаётидан ҳикоя қилувчи видео тақдим қилинди. Бугун ана шу талабалар иштирокидаги давра суҳбатини томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбат давомида талабалар нима учун Москвада ўқишни танлашгани, хорижда ўқишнинг ўзига хос томонлари ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб беришди.

Нима учун Москвада ўқишга қарор қилишгани ҳақидаги саволга улар мамлакатнинг ривожланганлик даражаси, таълим сифати ва коррупциянинг йўқлиги каби омилларни санаб ўтишди.

«Ё ўқийсиз, ё ҳайдаласиз»

«Ўқиётган жойимга коррупцияга дуч келмаганман. Ўзбекчилик, таниш-билишчилик йўқ, муомалангиз ҳам роль ўйнамайди. Бу ерда ёки ўқийсиз, ёки ҳайдаласиз. Менимча, бу яхши, чунки адолат бўлиши керак», – дейди Хусравхон Исломхўжаев.

«Бу ерда ўқитувчилар сизнинг билимингизга қарашади, ҳамёнингизга эмас», – дея унинг фикрларига қўшилишини билдирди Тамила Игамқулова.

Тамила ва Фарангиз Абдураҳмонова аввалига Ўзбекистондаги университетларда ўқиш ниятида бўлгани, халқаро олимпиадада ғолиб чиқиш орқали Москва Олий иқтисодиёт мактаби талабасига айланганликлари ҳақида гапириб беришди.

«Россияда ўзбекларга нисбатан дискриминация сезилади»

Фарангиз ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистондан келган талабалар Россияда ўқишдан ташқари ишлаш учун иш топишлари қийинлигини айтади.

«Биринчи курсга келганимда ўзбекларни Москвада ва умуман Россия Федерациясида дискриминация қилишларига дуч келганман. Улар бизни шунчаки ишга олишмайди. Жуда яхши ва малакали ходимсан, деб айтишади-ю, лекин барибир ишга олишмайди. Бу ерда ўқишнинг энг катта минуси шу», – дейди Фарангиз Абдураҳмонова.

Психология йўналишида ўқиётган Тамила ўзбек ва рус жамиятидаги аҳлоқ меъёрларида катта фарқ борлигини таъкидлади.

«Келганимдан кейинги биринчи ой оғир ўтганди. Бу ердаги менталитет мен учун кутилмаган бўлганди. Қолаверса, масофа жуда катта, йўлга кўп вақт кетиб қолади. Ахлоқ меъёрлари жиҳатдан ҳам буткул бошқача жамият... Барибир бунга мослашишга тўғри келади», – дейди у.

«Энди келган талабада шундай вақтлар ҳам бўладики, ҳаммасини ташлаб, ортга, ўз маданиятига яқин жойга қайтиб кетишни хоҳлайди. Асосийси сабр қилиш. 1-2 ой ўтиб талаба тушунади – бундай имкониятни ташлаб кетиш аҳмоқлик бўлади. Муҳими – ўқиш ва шу катта шаҳарда ўз ўрнингни топа олиш», – дея таъкидлади Индира Мирзаева.

Суҳбат давомида талабалар келгуси режалари, Ўзбекистонга қайтишлари эҳтимоли, мажбурий форма ва давомат кабилар ҳақида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид