Ўзбекистон | 08:11 / 18.01.2020
36207
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиларнинг мажбурий малака оширишдан ўтиши билан боғлиқ нормаларни чиқариб ташлаш тавсия этилди

Фото: KUN.UZ

Савдо-саноат палатаси юридик шахслар ҳайдовчиларининг мажбурий малака оширишдан ўтиши тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик экспертизасидан ўтказди.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

лойиҳанинг 1-бандига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандига ўзгартириш киритиш ҳамда унда юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг икки йилда бир марта малака оширишдан ўтиши шартлигини белгилаш назарда тутилган (хусусан, амалдаги таҳрирда ҳам юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларнинг икки йилда бир марта малака ошириши шартлиги белгиланган).
              
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунда эса фақат фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари вақти-вақти билан, уч йилда камида бир марта ўз малакасини ошириб, малака имтиҳони топшириши кераклиги белгиланган.
                 
Қонунда бошқа ҳайдовчилар ёки юридик шахслар ходимларининг маълум бир вақтда малака оширишлари лозимлиги назарда тутилмаган.
                 
Шунингдек, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака ошириши лозимлигини белгилаш ортиқча талабдир. Яъни, амалиётда ҳайдовчилар мазкур фаолият билан узлуксиз шуғулланишлари ва бундай малака оширишга зарурат бўлмаслиги мумкин.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳайдовчиларнинг ҳар икки йилда бир марта қайта тайёргарликдан ўтишлари ва малака оширишлари билан боғлиқ нормаларни чиқариб ташлаш тавсия этилади”, - дейилган ССП ахборот хизмати хабарида.

Бундан олдин, ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибига ўзгартириш киритилиши мумкин экани маълум қилинганди.

Мавзуга оид