Light | 14:03 / 19.01.2020
65174
6 дақиқада ўқилади

The Telegraph ер юзидаги энг саргузаштбоп жойларни эълон қилди. Биринчи ўринда – Ўзбекистон

Бухоро / Фото: Getty Images

Буюк Британияда нашр этиладиган The Telegraph газетаси саргузашт истовчи сайёҳларга бориш тавсия этиладиган 50та туристик йўналиш рўйхатини тузиб чиқди. Рўйхатнинг биринчи поғонасидан Ўзбекистон жой олган.

Нашр мутахассислари Ўзбекистонга Наврўз байрами кунлари келишни маслаҳат берган.

«Ўзбекистон жадал тараққиёт даврини бошдан кечиряпти. Жоанна Ламлининг муаллифлик дастури ва яқинда виза талабларининг соддалаштирилгани ҳисобига мамлакатга ташриф буюрувчилар сони кескин ошиб кетди. Шу боисдан ҳам Ламлининг телевизион саёҳат дастури – «Ипак йўли саргузаштлари» экспертлари Наврўз байрамидаги Ўзбекистонни илк марта кўрсатиб бердилар. Бу баҳорий фестивал туристларга ўзбеклар ҳаёти ҳақида чуқур тасаввур беради.

Наврўз турнеси Хива, Бухоро ва Самақанд каби ҳайратомуз жойларни ўз ичига олади. Саёҳат давомида шу ерлик оилалар билан тушлик қилиш, элит тоифа ресторанларда овқат тановул қилиш, анъанавий ёғоч ўймакорлиги ва кулолчилик усталари ҳамда замонавий дизайнерлар ишини кузатиш, сўйилган эчки билан от устида ўйналадиган шиддатли ўйин – кўпкарини томоша қилиш ҳам мумкин», – дейилади мақолада.

Қўшимча қилинишича, «Ипак йўли саргузаштлари» лойиҳаси доирасида Наврўз кунлари Ўзбекистонга 11 кунлик сафар нархи 3550 фунтдан бошланади. Бу нарх ичига турар жой, овқатланиш ва транспорт харажатлари киритилган бўлиб, Ўзбекистонга келиб-кетиш учун авиачипталар алоҳида сотиб олинади.

The Telegraph`нинг 50талик тўлиқ рўйхати қуйидагича.

1. Ўзбекистонда Наврўз
2. Кения саванналари
3. Бутандаги Олтита ҳиссиёт деб аталмиш янгича «кулбалар»
4. Никарагуанинг маҳаллий аҳолиси билан танишиш
5. Покистондаги Ҳиндукуш тоғлари
6. Россиянинг Мурманск областида яшовчи сами халқи билан танишув
7. Аргентина ва Чилида Жанубий Америка тарихига саёҳат
8. Кашф этилмаган Малави (Африка)
9. Финляндияда шимол ёғдуси
10. Гаяна жунглилари ва қишлоқлари (Шимолий Америка)
11. Буюк Хитой девори, Тяньаньмэнь майдонида варрак учириш, пандалар
12. Норвегиянинг бетакрор табиати ва қутб айиқлари
13. Колумбиядаги тропик ўрмонлар, тоғлар ва шаршаралар
14. Ливаннинг нодир гўшалари
15. Гренландия оролидаги тундра ва чанғи учиш
16. Буюк Британия миллий боғлари ва водийлари
17. Португалия тоғлари аро велосипедда саёҳат, Мадейра ороли
18. Анд тоғлари орқали Аргентинадан Чилига қадар электровелосипедда бориш
19. Янги Зеландиянинг мусаффо табиати
20. Япониянинг сўлим ва тинч қишлоқлари бўйлаб пиёда сафар – Алп тоғларидаги қадимий самурайлар йўли
21. Словениядаги Йогар водийси – чўққи ва шаршаралар, ўрмон саёҳати, йога ва медитация дарслари
22. Перуни пиёда кезиш – Мачу Пикчу ва инклардан қолган бошқа ёдгорликлар
23. Италияга зиёрат сафари
24. Австралия бўйлаб пиёда ва қайиқдаги саёҳат
25. Инглиз каналидаги Уайт ороли
26. Кариб денгизидаги Доминика ороли
27. Албания, Косово ва Шимолий Македонияга поезд ва паромда саёҳат
28. Австралиядаги Маржон қирғоқлари
29. Гибралтар бўғозидан ўтиб, Марокаш шаҳарларини кезиш
30. АҚШнинг Альяска штати – ёввойи табиат бағрида мотоциклда саёҳат
31. Намибия, Ботсвана ва Зимбабве (Виктория шаршараси)
32. Тожикистон ва Қирғизистон манзаралари – кўллар, Помир ва Фон тоғлари этакларида пиёда ва автомобилда сайр (Афғонистоннинг Воҳан йўлагига қадар)
33. Бепоён Канада бўйлаб поезд саёҳати – шимолдаги тоғли Юкон ҳудуди, қор устида пиёда юриш, муз устида балиқ овлаш, шимол ёғдуси
34. Ирландиянинг қояли кенгликлари, қадимий қасрлар ва шаҳарлар
35. Шотландиянинг кўк-яшил денгизли ороллар архипелаги, коноеда эшкак эшиш, делфинлар
36. Судан – Қизил денгиз соҳилларидаги пляжлар, моторли қайиқда бетакрор манзаралар
37. Австралия атрофида 27 кунлик кема саёҳати
38. Сейшель ороллари (Африка шарқида) – яхтада сайр, ўзига хос пляжлар ва экспедитициялар
39. Кариб денгизи бўйлаб кичик кемада бир ҳафталик саёҳат
40. Шри-Ланка табиатидан баҳра олиш ва ижтимоий лойиҳаларда волонтёр сифатида қатнашиш
41. Канаданинг Манитоба провинцияси – кит, делфин ва қутб айиқлари (таг қисми шаффоф ойнали қайиқ)
42. Норвегия қирғоқларида китсимон балиқлар маконига сайр
43. Испания қирғоқлари, ўрмон ва шаҳарлари
44. Бразилия ёввойи табиати билан танишиш – ягуарлар, денгиз филлари, китлар ва пингвинлар
45. Мўғулистон – фаол вулқонлар, қимирлаб турувчи музли кўллар
46. Осиё бўйлаб 26 ҳафталик саёҳат – Истанбул (Туркия), Катманду (Непал), Боку (Озарбойжон), Каспий денгизида паромлар, Кавказ, Марказий Осиё, Ҳималай ва Қорақўрам тоғлари, Тож Маҳал ва бошқалар.
47. Сьерра-Леоне – Африка ёввойи табиати, Банан ороллари, Крио қишлоғи, Фритаун
48. Чилига астрономик саёҳат – 14 декабрдаги тўлиқ Қуёш тутилишини Атакама саҳросида жойлашган машҳур сайёҳлик обсерваториясида кузатиш
49. Астрономлар билан «Янги олимнинг янги фазоси: ўтмиш ва келажакка саёҳат» номли тур (АҚШ) – НАСА музейлари, Розуэллнинг НУЖ маркази, «Very Larga Array» радиотўлқин обсерваторияси, «Virgin Galactic»нинг фазо порти
50. Непалдаги Буюк Ҳималай трассаси бўйлаб тоғ саёҳати.

Мавзуга оид