Ўзбекистон | 14:00 / 20.01.2020
12128
5 дақиқада ўқилади

«Бюджетдан сарфланадиган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши лозим» — Президент

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент назоратини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 

Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – «Ҳукумат соати» институти жорий этилди. Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти татбиқ қилинди.

– Таъсирчан парламент орқали самарали ижро ҳокимияти фаолиятини йўлга қўйишга эришамиз. Шу сабабли халқ орасида мунозарага сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан масъул раҳбарларнинг парламент ва маҳаллий кенгашларга тушунтириш бериш тартибини жорий қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қонунчилик палатаси қўмиталари ва бошқа таркибий тузилмалари назорат-таҳлил ишларини кучайтириши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Қуйи палатада ташкил этилган Давлат бюджети бошқармаси бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан катта ҳажмда маблағлар йўналтирилмоқда. Лекин уларнинг тўғри ва унумли ишлатилишини назорат қилиш борасида шу ҳудудлардан сайланган депутатларнинг иштироки деярли сезилмаяпти. Ҳолбуки, жойларда ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш, коррупция ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Шу боис халқ вакиллари ўз ваколатига асосланиб, таъсирчан назорат ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.

– Бюджетдан сарфланадиган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши, барча идоралар давлат маблағининг аниқ мақсадлар учун ишлатилиши бўйича парламентдан ҳайиқиб туриши лозим. Шунда тартиб бўлади, шунда ҳамма депутат билан ҳисоблашадиган бўлади, – деди Президент.

Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш зарурлигини таъкидлади. 

- Афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда. Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, - деди давлат раҳбари.

Президент парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилди.

Сайловчи ва депутатнинг ўзаро муносабатларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, интернет тармоғи орқали парламент ва депутат сўровини шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш даркорлиги таъкидланди. 

– Халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини берадиган электрон портал ва мобил иловаларни ишга тушириш лозим. Токи ана шу тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлсин. Яъни, депутат фаолиятига унинг сайловчилари бевосита баҳо берсин. Ана шундагина фуқаро ва парламент ўртасида халқимиз биздан кутаётган ҳақиқий кўприк пайдо бўлади, – деди давлат раҳбари. 

«Менинг фикрим» веб-портали ишини такомиллаштириш, унга тушаётган мурожаатларни телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Президент депутатлар ўзининг юриш-туриши, муомала маданияти, одоби ва этикаси билан барчага ибрат ва намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади.
 
Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқининг якунида халқ ишончи ҳақида гапирди.

– Ана шундай ишонч, ҳурмат ва эътиборга муносиб бўлиш – бу жуда катта бахт. Бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ана шу ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар бўйича палатанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид