Ўзбекистон | 17:16 / 20.01.2020
56722
3 дақиқада ўқилади

Президент янги сайланган сенаторлар таркибига аниқлик киритди

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг янги таркиби биринчи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда қатнашаётган Шавкат Мирзиёев янги сайланган сенаторларни табриклади.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига асосан амалга оширилгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Юқори палатанинг бошқа 13 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланди.

Сенатнинг янги таркиби иқтисодиёт, ҳуқуқ, фан, тиббиёт, маданият, ишлаб чиқариш соҳалари ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролардан шакллантирилганлиги қайд этилди.

Президент ўз нутқида янгидан сайланган сенаторлар таркибига ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, ушбу чақириқда сайланган Сенат аъзоларининг 20 нафарини иқтисодчилар, 19 нафари муҳандислар, 13 нафари педагоглар, 7 нафари ҳуқуқшунослар, 6 нафари тиббиёт ходимлари, 5 нафари агрономлар, 4 нафарини журналистлар ҳамда 12 нафарини жамоат ташкилотлари вакиллари ташкил қилди.

Шунингдек, сенаторларнинг 25 нафарини хотин-қизлар ташкил қилаётгани ҳам бизда тенглик тамойилларига қанчалик амал қилинаётганининг яққол исботидир, дея президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлат раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак номга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.

– Олий вакиллик органи аъзоси бўлиш ҳар бир сенатор учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳам эканини барчангиз яхши тушунасиз. Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон, – деди Президент. 

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги уч йил Сенат учун ҳам ўзига хос туб янгиланиш ва ўзгаришлар даври бўлгани таъкидланди. Мазкур орган томонидан кўриб чиқилган қонунлар сони қарийб 230 тага етгани ва шундан 190 таси сўнгги уч йилда маъқуллангани ушбу йўналишда катта иш қилинганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Сенатда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ахборотларини, вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди. 

Мажлис давом этмоқда. Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.

Мавзуга оид