Ўзбекистон | 12:18 / 21.01.2020
38763
3 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Сайфуллаев Сенатда қўмита раиси бўлди. Энди у аввалги лавозимларини тарк этадими?

18 январь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан сенатор этиб тайинланган, 20 январь куни янги таркибдаги Сенатнинг илк ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Бахтиёр Сайфуллаевнинг олдинги лавозимлари тақдири сўроқ остида қолмоқда.

Айни вақтда у Ўзбекистон маданият вазири (20 январь куни Абдулла Арипов ҳукумати парламент олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини маълум қилди ва барча вазирлар ўзидан в.б бўлди — таҳр) ва Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори ҳисобланади.

Kun.uz манбаси Бахтиёр Сайфуллаев вазир лавозимини тарк этиши ва унинг ўрнини биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков эгаллаши кутилаётгани ҳақида маълум қилди.

Қайд этиш керакки, одатда ҳукумат аъзоси қоида тариқасида сенатор бўлолмайди (аввалги чақириқдаги Сенатда сенатор бўлган Агриппина Шин вазир бўлганидан кейин ҳам сенаторлигича қолганди). 

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги қонунга кўра, Сенат аъзолари Сенатда доимий асосда ишлашлари мумкин. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг сони сенаторлар умумий сонининг тўртдан биригача бўлган миқдорда белгиланади. Улар сенаторлик ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Аммо қонунларда қўмита раиси қандай асосда ишлаши тўғрисида аниқ қоида келтирилмаган.

Маълумот учун, аввалги чақириқдаги Сенат қўмиталари раислари Сенатда доимий асосда ишлаган ва бошқа лавозимни эгалламаган эди.

Бахтиёр Сайфуллаев 2005 йилдан Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари бўлган, 2012 йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлай бошлаган, 2017 йил августида эса Маданият вазирлигига раҳбар этиб тайинланганди.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков 2017 йилнинг июнида «Ёшлар» телеканали директори этиб тайинланган, бу лавозимда бир ой ишлагач, лавозимини тарк этиб телеканалда бош продюсер сифатида фаолиятини давом эттирган, 2017 йилнинг августида эса маданият вазирига ўринбосар бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид