«Лукойл» Ўзбекистон гази фойдасининг 90 фоизини олиши ҳақида маълумот тарқалди. Вазирлик изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси Ўзбекистондаги фаолияти давомида умумий даромаднинг 90 фоизини олиб кетиши ҳақида маълумотлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродова Kun.uz сўровига жавобан бу масалада ойдинлик киритди ҳамда бу компания билан қўшма фаолиятга оид маълумотларни берди.
«Маҳсулотни тақсимлашни назарда тутувчи икки томонлама тузилган келишувга мувофиқ инвесторлар консорциуми (бу ўринда «Лукойл» ҳамда «Ўзбекнефтегаз») ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида фойдали маҳсулотларни тақсимлаш 50/50 фоизларда (яъни тенг миқдорда) бўлиши белгиланган. Аммо бу шартномада прогрессив шкала ҳам назарда тутилган ва лойиҳа даромадига кўра Ўзбекистон Республикаси улуши 80 фоизгача етиши мумкин.
Муҳокамаларга сабаб бўлган 90/10 фоизли тақсимотга келсак, бу консорциум инвесторлари («Лукойл» ва «Ўзбекнефтегаз» АЖ) ўртасидаги ҳиссаларни назарда тутади. Бу даромаддан улар 9 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, «Ўзбекнефтегаз» АЖ бу лойиҳада нофаол инвестор ҳисобланади – яъни молиявий ресурслар жалб қилмаган ва лойиҳани амалга оширишда бевосита иштирок этмайди.
Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистон Республикаси ғазнасига умумий улушдан (фойдали маҳсулотнинг 50 фоизидан) ташқари фойда солиғи, мажбурий тўловлар ва табиий бойликлардан фойдаланиш учун солиқлар (умумий тушумнинг 30 фоизи миқдорида) ундирилади», дейилади тақдим этилган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, Reuters агентлиги Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берган ва ана шундан кейин бу хорижий компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятига оид турли хил маълумотлар тарқалганди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтганди.
«Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Муродулла Бошманов бу вазиятга изоҳ берганди.
«Табиий газ экспорти ички истеъмолга таъсири бўляпти. «Лукойл» компаниясидаги қарздорлигимиз шунга сабаб бўлди. Аслида, бундай бўлиши керакмас. Ўтган йили баланс кўрсаткичларидаги айрим хатоликлар туфайли ушбу вазият юзага келди. «Лукойл»дан 146 АҚШ долларига газ олиб, 40 доллардан сотдик. Натижада биз зарар кўрдик. Бу хато бизники ва уни ўзимиз тўғрилашимиз керак. Аҳолининг газ истеъмолига таъсир ўтказмаслигимиз керак», деганди у.
Молия вазири Жамшид Қўчқоров «Лукойл» билан шартнома бекор қилиниши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб қайтариб, бу халқаро шартнома қайта кўриб чиқилмаслигини маълум қилганди.
Мавзуга оид
23:44 / 19.10.2024
“Яшил” электр станциялар орқали атмосферага йилига 21 млн тонна зарарли газлар чиқиши олди олинади — Энергетика вазирлиги
23:13 / 08.10.2024
Энергетика вазирлиги қуёш панеллари бўйича мурожаатларни қабул қиладиган телефон рақамлари сонини оширди
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024