Ўзбекистон | 14:38 / 21.01.2020
19477
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукуматига ЯИМ ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган

Бугун, 21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, маъруза қилмоқда.

Президент ўз нутқида ижтимоий соҳалар сифатини яхшилаш ҳамда қамровини кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор йўналишларини ўрта ва узоқ муддатда жадал ривожлантириш бўйича 3 йилда 30дан ортиқ концепция ва стратегиялар қабул қилинганини таъкидлади. 

«Биз узоқ йиллар катта-катта рақамларга маҳлиё бўлиб юрдик. Лекин бу рақамлар халқимизга манфаат келтирмади. Шу боис асосий мақсадимиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни ошириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва буни одамлар ҳаётида, дастурхонида сезадиган қилиш. Ўтган йилларда биринчи қадамлар қўйдик. Лекин ҳали кўзланган натижаларга эришганимиз йўқ. Бирон бир соҳани мукаммал деб айта олмаймиз», – деди давлат раҳбари.

Ҳукумат зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ уддалаяпти, дейишга ҳали эрта экани, халқ кўпроқ ва аниқ натижалар кутаётгани қайд этилди. 

«Жойларда жуда кўплаб муаммо ва масалалар ўз ечимини топиши зарур. Одамларимизнинг талаб ва эҳтиёжлари кун сайин ўсиб бормоқда.

Шунинг учун, янги ҳукуматнинг барча аъзоларидан ўзи масъул ва жавобгар бўлган соҳаларга танқидий ёндашиб, келгусидаги ишларни ортиғи билан бажариш, халқимиз ва парламентга берилган ваъдалар устидан тўлиқ чиқиш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижадорлик ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони бўлади», деди президент. 

Келгуси беш йил учун юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни ривожлантириш борасида катта марралар белгилаб олингани қайд этилди. 

Сўнгги икки йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 44 миллиард доллардан 58 миллиард долларга ўсган. Мажлисда бу кўрсаткични икки баробар ошириб, 100 миллиард долларга етказиш, инфляция даражасини 5 фоизгача камайтириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ҳукумат, Марказий банк ва барча даражадаги ҳокимларнинг умумий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.  

Мавзуга оид