Ўзбекистон | 01:57 / 22.01.2020
28471
3 дақиқада ўқилади

«Бунга тайёргарлик кўряпмиз» – Мирзиёев ҳокимларнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш ҳақида

Ўзбекистонда сўнгги йилларда маҳаллий депутатлик кенгашларини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Масалан, ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

Аммо, президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидича, маҳаллий кенгашлар ҳудудлардаги муаммоларга ечим топишда ўз ваколатларидан деярли фойдаланмаяпти.

«Қонунчиликда маҳаллий кенгашларга кенг ваколатлар берилган бўлса-да, амалда уларнинг натижаси кўринмаяпти, сезилмаяпти. Қонунни билмаганимиз учун жойларда ўтирган маҳаллий кенгаш раислари – ҳокимлар буни тушунмаяпти. Тушунтирмаяпти. Ўз устида ишламаяпти», – деди Шавкат Мирзиёев Сенатнинг илк ялпи мажлисидаги маърузасида.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари ҳокимларнинг маҳаллий кенгаш раиси мақомини бекор қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Лекин ҳозир ҳокимлар бундан фойдалана олмаяпти. Нимага десангиз, ҳоким ўз устида ишлаб, маҳаллий кенгашни ишлата олиши, шу маҳаллий кенгаш орқали ижро органи вакилларини назорат қила олиши керак. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарини сўраса бўладими? Халқ таълими бўлими мудирини-чи? Йўл соҳаси каттасини сўраса бўладими-йўқми? Қани маҳаллий кенгашлар сўраб, депутатларни гапи билан 2-3тасини ишга олиб, коррупция қилган йўлларини буздириб, прокуратура орқали жойига қўйдириб, намуна кўрсатса...» – деди Мирзиёев.

Президент яқин-яқингача Тошкент шаҳри туманларида депутатлик кенгашлари бўлмаганини ёдга олди.

«Мана, бир пайтлар Тошкент шаҳрида маҳаллий кенгашлар йўқ эди. Фақат шаҳар кенгаши бор эди, туман кенгашлари йўқ эди. Мен келганимдан кейин буни дарров ўзгартирдим.

Мен ўзим Мирзо Улуғбек туманида ишлаганман. У ерда кенгаш бўлмаса, ижро органини – соғлиқни сақлаш бошқармаси, халқ таълими бўлими, ички ишлар, керак бўлса прокуратура кабиларни ким назорат қилади?

Шаҳарга сайланган 6 сенатор туманни назорат қила оладими? Ҳеч қачон. Нима учун бундай қилинган? Одамларни онгли равишда саводсиз қилиб, ўзгаришларга бефарқ қилиш қилинган. Туманда кенгаш бўлмаса, ижро органини қандай қилиб назорат қилиш мумкин? Усиз мутлақо назорат қилиб бўлмайди.

Тўғри, бу қийин масала. Лекин бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади. Ижро органини энди қамчи билан ишлатиб бўлмайди. Фақат қонун устуворлиги билан, адолат билан, ватанпарварлик билан ишлатишни ўрганишимиз керак», – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев доимий асосда ишлайдиган сенаторларни маҳаллий кенгашларга бириктириш кераклигини айтиб ўтди. 

Мавзуга оид