Ўзбекистон | 11:51 / 22.01.2020
20762
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни соат 11:00 да Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этади.

Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу муҳим сиёсий тадбир мамлакатимиз тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтди. 

Сайлов натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди, жумладан, Президентнинг 2020 йил 17 январдаги фармони билан Сенат аъзоларининг 13 нафари тайинланди. Шу тариқа, мамлакатимиз қонун чиқарувчи ҳокимиятининг янги таркиби шаклланди. 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси ана шу янги парламентга тақдим этилади.

Ушбу нуфузли анжуман Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари, шунингдек, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги йиллик мурожаатномани МТРКнинг 4та телерадиоканали, 5та телеканали ҳамда 12та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, 5та нодавлат телеканал ҳамда президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин. 

Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида мурожаатнома сурдо таржима билан, шунингдек, русча таржима ва инглизча таржимаси билан эфирга узатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид