Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамашида нега тадбиркор аёлнинг мулкига дахл қилинмоқда?
Ўзбекистонда бугун тадбиркорларга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўплаб фармон ва қарорлар эълон қилинди. Аммо бугун жойларда баъзи мутасаддилар президент ва ҳукумат томонидан тадбиркорларга тақдим этилаётган шарт-шароит ва эътиборга қарамасдан уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташда ҳамда мулкларига зарар етказишда давом этишмоқда.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида фаолият юритаётган «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖ раҳбари Бибихалима Назарова ноҳақликка дуч келмоқда.
У томонидан Kun.uz сайтига қилинган мурожаатда «Қамашитумангаз» идораси ва бошқа бир гуруҳ тадбиркорлар туманнинг «Қизилтепа» МФЙ ҳудудида жойлашган «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖга қарашли 3 гектар ер майдонининг ўртасидан тадбиркорнинг рухсатисиз, ноқонуний тарзда ўнга яқин газ қувурларини ўтказишгани ҳақида ёзилган.

Сайт мухбирлари ушбу муаммони ўрганиш учун Қамаши туманида бўлди.

Тадбиркор Б.Назаровага тегишли 3 гектар майдон 100х300 метр ўлчамда бўлиб, унинг бир қисмида молхона ва товуқхона сифатида фойдаланиш учун бино қурилган ва у ерда тадбиркор паррандачилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда.


2019 йил баҳор ойларида тадбиркор эгалик қилаётган жамиятга тегишли ер билан туташ бўлган ҳудудда «Қамашитумангаз» филиали томонидан газ тақсимлаш станцияси қурилади.
Шундан сўнг, «Қамашитумангаз» филиали газ тақсимлаш станциясидан аҳолига газ бериш учун тадбиркорнинг еридан ноқонуний тарзда газ қувури ўтказади.


Қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда, бироз ўтиб ундан қувур тортилаётганда ишчилар тадбиркорнинг ерига экилган буғдой ва арпани ҳам пайҳон қилиб ташлашади.
Тадбиркор мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман халқ қабулхонасига оғзаки мурожаат қилади. Мурожаатга жавобан Халқ қабулхонасига «Қамашитумангаз» филиали раҳбари Э.Ҳайитов чақирилади.
У аҳолига тортилган газ қувури вақтинчалик тургани ва уни тез орада кўчиришларини айтиб, муаммони ҳал қилишга ваъда беради. Лекин у ёз давомида ваъдасини бажармайди.
«Бу орада мен ўз ишларим билан банд бўлиб юрганимда ноябрь ойида турли корхоналар томонидан газ тарқатиш станциясига яна бир нечта қувур тортилибди», дейди тадбиркор.

Қувурлар сони кўпайганидан сўнг, 2019 йил 20 ноябрь куни тадбиркор ёрдам сўраб Қамаши туман прокуратурасига шикоят аризаси билан мурожаат қилади.

Қамаши туман прокуратураси ҳолат юзасидан суриштирув ўтказганда «Қамашитумангаз» филиали раҳбари Э.Ҳайитов, тадбиркорга унинг еридан ўтказилган газ қувурлардан фақат биттаси «Қамашитумангаз» филиалига тегишли экани, қолган қувурлар турли тадбиркорларга тегишли эканини маълум қилади.
Сўнг, қиш мавсумида газ қувури кўчирилса аҳоли хонадонлари газсиз қийналиб қолиши мумкинлигини айтиб, тадбиркордан баҳоргача муҳлат беришини сўрайди.
Тадбиркор рози бўлади ва бу ҳақда розилик хати ёзиб беради.

Тадбиркор бир неча бор Қамаши тумани ҳокими қабулига кириб, унга ўзи дуч келаётган муаммо юзасидан оғзаки тарзда мурожаат қилади ва еридан тортилган ноқонуний газ қувурларини олдиришда ёрдам сўрайди. Қамаши туман ҳокими тадбиркорга бошқа жойдан ер беришини айтади. Тадбиркор рози бўлмайди.
Шундан сўнг тадбиркор Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Қамаши туман қабулхонасига ёзма мурожаат қилади. Тадбиркорнинг айтишича, бу қабулхона ҳануз унинг мурожаатига жавоб бермаган.
2019 йил 9–10 декабрь кунларида Қашқадарё вилоятида турли вазирликлар, идоралар ва қўмиталарнинг раҳбар ходимлари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтади.
Ўшанда тадбиркор ўз муаммоси юзасидан Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошев, Президентнинг давлат маслаҳатчиси А.Усмонов ва республика «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбари ўринбосари Т.Турдиев қабулига киради.
Президент маслаҳатчиси А.Усмонов Қамаши тумани ҳокимига, Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошев Қашқадарё вилоят ва Қамаши туман прокурорларига тадбиркорнинг муаммосини зудлик билан ҳал қилиб, ноқонуний тортилган газ қувурларини унинг еридан олдириш чораларини кўриш ҳақида топшириқ беради.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбар ўринбосари Т.Турдиев эса тадбиркорга судга мурожаат қилишни маслаҳат беради.
Тадбиркор унга муаммо бўйича судга мурожаат қилмаслигини, газ қувурларини ноқонуний тортганлар уни кўчириши лозимлигини айтади.
Тадбиркорнинг маълум қилишича, бугунги кунда унинг муаммоси билан боғлиқ иш Қашқадарё вилояти прокуратураси ходими С.Азимов назоратида турибди. Унинг айтишича, сайёр қабул бўлиб ўтганидан кейин ҳам унинг еридан янгидан янги газ қувурларини тортиш ишлари давом этган.
С.Азимов ушбу муаммони ўрганиш давомида «Ҳудудгаз Қашқадарё» МЧЖ ва газ назорати инспекцияси ходимларни ишга жалб этган ва икки марта Қамашига келиб, тадбиркор ва унинг еридан газ қувури тортган корхона ва ташкилотларнинг раҳбарларини, туман ҳокимияти вакилларини тўплаб, муаммонинг ечими бўйича йиғилиш ўтказган.
Ана шу йиғилишларнинг иккисида ҳам тадбиркор туман ҳокимлиги томонидан ўзига бошқа жойдан ер бериш ва компенсация тўланиши ҳақидаги таклифни рад этган ва еридан ноқонуний тарзда ўтказилган газ қувурларини олдиришни талаб қилган.
Б.Назаровадан нега бошқа жойдан ер бериш ҳақидаги таклифга рози бўлмаганини сабабини сўрадик.
«Ҳозирги еримда товуқхона ва қўйхона бор. Бинони бузиб олиб кетиб, бошқа жойда қайта қуришнинг ўзи бўлмайди. Бино бошқа жойда, ер бошқа жойда бўлиб қолса, бунинг ҳам ўзига яраша ноқулайликлари бор. Бунинг устига бузиладиган бинолар учун арзимаган миқдорда пул беришмоқчи. Қолаверса, нега менинг еримдан розилигимсиз ноқонуний тарзда газ қувури ўтказишади?», дея жавоб берди у.
«Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖ еридан рухсатсиз қувур ўтказган тадбиркорлар, бугун ўша газ қувурларни кўчириш катта харажат талаб қилишини билдиришмоқда.
Муаммони ўрганиш учун борганимизда тадбиркорга тегишли ердан ўтган газ қувурларининг жами сони саккизтага етганига гувоҳ бўлдик.
«Муаммо бўйича қаерга мурожаат қилсам ҳам мутасаддилар муаммони ҳал қилишни эмас, балки менинг шахсим, иш фаолиятим билан қизиқишяпти», дейди тадбиркор.
Биз тадбиркор қурган бинони кўздан кечирганимизда у ерда парранда ҳам, чорва моллари ҳам йўқ эди.

Тадбиркордан буни паррандачилик ва чорвачилик билан йилнинг асосан об-ҳаво иссиқ пайтида шуғулланиши, қиш мавсумида шуғулланишнинг имкони йўқлиги билан изоҳлади.
«Келажакда бу ерда қўшимча бинолар қуриш ва биноларга иссиқлик тизимини ўрнатиш ишлари режамда бор. Эгалик қилаётган еримдан ўнга яқин газ қувурларини тортишгани бу ишларни бошлашимга тўсиқ бўляпти», дейди у.
Воқеа жойини кўздан кечирганимизда, ўз вақтида газ тарқатиш станциясидан тортилган газ қувурларни тадбиркорнинг ерини четлаб ўтиб ёки рухсат олиб унинг ерининг бир четидан тортиб кетиш имконияти ҳам бўлганини кўрдик. Негадир лойиҳачилар бундай қилишмаган. Четдан қараганда бу ишлар жўрттага тадбиркорнинг ерини тортиб олиш учун қилингандай таассурот қолдиради.
Акс ҳолда, тадбиркор еридан ноқонуний тарзда газ қувурларини ўтказишаётгани ҳақида шикоят қилганидан кейин ҳам ўша ердан яна бир нечта газ қувури тортилганини нима деб изоҳлаш мумкин?
Ушбу муаммо юзасидан изоҳ олиш учун Қамаши туман ҳокимлигига бордик. У ерда бизга «Қамашитумангаз» филиали раҳбарини рўбару қилишди.
Тадбиркор айтганидай, газ идораси раҳбари ўз гапини муаммо ҳақида эмас, балки тадбиркорнинг иш фаолиятидан камчилик топиш билан бошлади.
Ундан газ қувурлари тадбиркорнинг еридан эмас, нега сал нарироқдан ўтказилмагани сабабини сўраганимизда у жануброқдаги ер деҳқон хўжаликларига берилган ер эканини айтди.
Қамаши туман Ер захиралари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи Абдурасул Бозоров берган маълумотга кўра, тадбиркорнинг ерига туташ ўша ҳудудлар, аҳолига 2019 йил бошида деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш учун берилган. Лекин бугунги кунда ушбу ҳудуд қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилган.

Энди қаранг: тадбиркорнинг бино тикланган еридан рухсатсиз, ноқонуний газ қувур ётқизса бўлаверар экан-у, бироз нарида аҳолига деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланишга 2019 йил январь-февраль ойларида берилган бўлса-да, йилнинг охиригача қаровсиз ётган ердан тортиб бўлмас экан.
Ундан ҳам қизиғи — «Қамашитумангаз» филиали раҳбари худди харажатни ўз чўнтагидан тўлайдигандай «қувурларни кўчириш катта маблағни талаб қилади», деган гапни ушлаб олган.
Шу ўринда бир мулоҳаза: Ҳаммамизга маълум, бугун мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор масалага айланган.
Шунинг учун ҳам 2019 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этиш белгиланди.
Ана шундай ҳолатда жойлардаги айрим мутасадди шахслар томонидан тадбиркорлар ишига халақит бериш, уларнинг мулкига зарар етказиш ишлари давом этаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.
Kun.uz тадбиркор Б.Назарова дуч келаётган муаммо ижобий ҳал қилиниши масаласида тегишли идора ва ташкилотлардан изоҳ сўраб қолади.
Ғайрат ЙЎЛДОШ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:12 / 02.02.2025
Қашқадарёда оилани яраштиришга борган профилактика инспектори пичоқланди
23:04 / 13.09.2024
Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
13:15 / 26.06.2024