Спорт | 17:05 / 24.01.2020
30230
3 дақиқада ўқилади

Грэм ва шогирдлари. Осиё чемпионатининг энг бақувват жамоаси Австралия ҳақида

Фото: KUN.UZ

Осиё чемпионати U23 3-ўрин учун ўйинида Ўзбекистон Австралияга қарши ўйнашидан хабарингиз бор. Футболчиларимиз бу ўйинга тайёргарликни кеча, 23 январдан бошлаганди. Австралия бош мураббийи эса Жанубий Кореяга учралган мағлубиятдан сўнг футболчиларга бир кун дам беришга қарор қилган. «Кенгурулар» бугун 24 январь куни Ўзбекистон билан ўйин олдидан ҳам тикланиш, ҳам тактик машғулот ўтказишди.

Жамоа Бангкокдаги «Alpine» спорт мажмуасига белгиланган вақтдан кечикмай етиб келгани Австралияда тартиб қанчалик эканини кўрсатади, чунки Бангкокдаги тирбандликлар сабаб жамоалар машғулотга кечикиб келишаётганди. Австралия билан бу ёш тоифасида тўқнаш келмаганмиз, аммо эртага майдонга тушадиган футболчилар бир-бирига бегона эмас. Бу футболчиларнинг баъзилари 2016 йил Баҳрайндаги U16 чемпионатида тўқнаш келган. Ўшанда Ўзбекистон 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Масалан ўша ўйинда гол урган футболчилар Достон Ибрагимов (2 та) ва Бобур Абдухолиқовлар ҳозирги жамоада ҳам бор.

Австралия сафида бизга энг таниш инсон бу бош мураббийи Грэм Арнольд. Айнан унинг мураббийлигидаги Австралия Осиё Кубоги-2019 чорак финалида Ўзбекистонни мусобақадан чиқариб юборган. Эсингизда бўлса, БААдаги ўша мусобақа чорак финалида футболчиларимиз пенальтилар сериясидагина Австралияга имкониятни бой берганди.

Арнольд жамоаси ўша чорак финалда ёмон ўйнаган ва Ўзбекистоннинг босимига дош беришни уддалаб, пенальтилар сериясида омадлироқ бўлганди. Осиё чемпионати U23 яримфиналида Саудия бизни айнан мана шундай тарзда мағлуб этди. Ўйин давомида босимга дош бериб охирида битта гол уришни уддалади.

Австралия жисмоний жиҳатдан мусобақанинг энг кучли жамоаси десак бўлади. Бунга машғулот жараёнини кузатиб яна бир бор амин бўлдик. Австралиянинг ҳар қандай жамоаси жисмонан кучли экани билан ажралиб турган ва буни катта янгилик ҳисобламаслик ҳам мумкин.

Машғулот жараёнини кузатиш учун стадионга келганимизда австралиялик мураббийлар бизни Ўзбекистондан эканимизни билиб кутиб туришимизни айтишди. Кейин Австралия жамоасининг матбуот котиби келди-да, фақат стадион ташқарисидан машғулотни кузатиб, суратга олиш мумкинлигини, стадионнинг ичкарисига кириб майдон четида туришни мураббийлар тақиқлаганини айтди. Балки улар бизни айғоқчи деб ўйлагандир. Шу тариқа суратга олиб бўлгунимизча Австралия матбуот котиби биз ўзбекистонлик «журналист-айғоқчи»лардан узоқлашмади.

Австралиялик футболчилар машғулотни унчалик кўтаринки кайфиятда ўтказишмади. Афтидан, Корея билан ўйиндаги мағлубият уларга ёмон таъсир қилган. Аммо Австралия доим ғолиблик учун курашадиган қитъа гранди эканини инобатга олсак, камида олимпиада йўлланмасисиз ортга қайтишни бу жамоа ўзига эп кўрмайди. Кўрамиз, эртага қайси жамоа мухлисларини Токио олимпиадаси йўлланмаси билан хурсанд қиларкин.

Қуйида Австралиянинг Ўзбекистон билан ўйиндан олдинги машғулотларидан олинган фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин.

Ўткир Жалолхонов, Муҳаммаджон Ғаниев (фото)

Мавзуга оид