Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда бир оиланинг бор-буди ёниб кетди: хонадон эгалари ўт ўчирувчилар кечикканидан норози
20 январь куни Навоий шаҳри «Гулистон» маҳалласида яшовчи Равшан Нарзиевнинг уйида кечаси юзага келган ёнғин хонадоннинг бор-будини кўкка совурган.
Хонадон эгалари билан суҳбатимиздан аввал маҳалла аҳлидан бир неча киши бизга мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, маҳалла аҳли табиий газ босимининг ҳар куни тез-тез кескин кўтарилиб-тушишидан хавотирда қолган. Газ босимининг бир меъёрда эмаслиги ёнғин хавфини келтириб чиқармоқда. Шу сабабдан ҳам сўнгги вақтлар ичида айнан «Гулистон» маҳалласининг ўзида учинчи марта ёнғин содир бўлмоқда.



Уй соҳиблари билан телефон орқали мулоқотимизда улар ҳеч нарсани уйдан олиб чиқишнинг имкони бўлмагани, мол-мулк, ҳужжатлар, пул ва ҳатто кийиш учун зарурий қалин кийимлар ҳам ёниб кетганини айтишмоқда. Шунингдек, хонадон аҳли ўт ўчириш хизматининг вақтида етиб келмаганидан афсусда.
Хонадон соҳибининг ўғли Бекзод Бозоровнинг айтишича, ёнғин – кечаси газ босимининг кучайиб кетиши ортидан келиб чиққан. Б.Бозоров Навоий шаҳар ЁХБга қўнғироқ қилиб хабар бергач, ўт ўчириш машинаси салкам 50 дақиқада етиб келган. Аммо ёнғинни ўчириб улгурмасидан, машинадаги сув тугаб қолган, сув захираси кам бўлган.

Навоий шаҳар ҳокимлиги хонадонга ёрдам берилишини маълум қилган. Ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси хонадон эгалари билан учрашган. Аммо хонадон соҳиблари уларга ёрдам кўрсатиш шу ҳудуддаги умумтаълим мактабига юкланганидан рози эмас. Мактаб, табиийки, бирор ёрдам кўрсата олган эмас.
Биз ҳолатга аниқлик киритиш учун Навоий шаҳар ҳокимлигига боғландик. Шаҳар ҳокимлиги масъуллари тез орада бу борада расмий маълумот берилишини маълум қилишди. Мазкур ёнғин борасида ДЁХХ Навоий шаҳар бўлимидан бирор маълумот олишга бўлган уринишларимиз бесамар кетди.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Навоий шаҳридаги Янги бозор мавзеси ҳудудидаги 4 қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлган эди. Ўшанда ҳам ДЁХХ Навоий шаҳар бўлими мазкур ёнғин юзасидан Kun.uz мухбирларига бирор маълумот бермаган эди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
20:12 / 26.05.2025
Самарқанд шаҳрининг собиқ прокурори Навоий шаҳрига прокурор бўлди
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда
18:28 / 01.05.2025