Ўзбекистон | 16:18 / 28.01.2020
8644
3 дақиқада ўқилади

Аҳолининг хусусий бандлик агентликларига ишончи йўқолмаган – Миграция агентлиги

Хусусий бандлик агентликлари атрофидаги шов-шувли воқеалар, бўлиб ўтган бир нечта суд жараёнларига қарамай аҳолининг уларга ишончи йўқолмаган, деб ҳисоблайди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов.

“Аҳолида хусусий бандлик агентликларига ишонч бор. Мана, яқинда Андижонда меҳнат ярмаркаси ташкил этдик, жуда кўп хусусий бандлик агентликлари ҳам боришди. Кўрдикки, уларга нисбатан фуқароларимизда ишонч бор.

Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиман. Ҳар бир фуқаро ўзининг ҳуқуқини ўзи ҳимоя қила олиши керак. Хусусий бандлик агентлигига мурожаат қилганида одамларимиз ташкилотнинг лицензиясини кўришга, ХБА билан тузиладиган шартномани ўқиб кўришга ёки уни ўзи билан олиб кетиб, соҳани тушунадиган бирорта ҳуқуқшуносга, юридик маълумотга эга бўлган бирор бир мутахассисга кўрсатишга, шартномага қўл қўймасликка, агентлик сўраётган пулни тўламасликка ҳаққи бор. Яъни фуқароларимиз ХБА билан шартномани имзолашдан олдин ҳужжатларни яхшилаб ўрганишса, кейин мураккаб вазиятларга тушиб қолишмайди”, дейди у.

Бахтиёр Турсунов

Бахтиёр Турсуновнинг айтишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳар битта вилоят марказида филиаллари бўлиб, фуқаролар ХБА билан шартнома тузишдан олдин шу филиалларга бориб, шартномани кўрсатиб, бепул маслаҳат олиш мумкин.

Агентлик раҳбари хорижга ишга кетувчиларни ҳеч қачон шартномани ўқимасдан унга имзо қўймасликка чақирди.

“Хусусий бандлик агентликлари икки турга бўлинади: хорижда ёки Ўзбекистоннинг ичида аҳолини иш билан таъминлаш билан шуғулланади. Фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришни ташкиллаштириш учун лицензия олиш керак, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи хусусий бандлик агентликларидан лицензия талаб этилмайди. Ҳозирги кунда 80та хусусий бандлик агентлиги фаолият олиб бормоқда, шундан 59таси хорижда иш топиб бериш билан шуғулланади.

Бугунги кунда 5та хусусий бандлик агентлиги масъул ходимларига нисбатан жиноят ишлари очилган. Бу дегани ҳамма хусусий бандлик агентликлари жиноятчи дегани эмас. Айни пайтда қўзғатилган жиноят ишлари, тергов жараёнлари якунланиб, суд ҳукми ўқилгандан сўнг айбланувчилар қандай жиноятларни содир этганини гапиришимиз мумкин бўлади”, – деди ТММА  бошлиғи Бахтиёр Турсунов.

Аввалроқ 2019 йилда Россияда қийин аҳволга тушиб қолган 3323 нафар фуқаро давлат ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келингани, 2019 йилда хорижда Ўзбекистон фуқаролари 1511та жиноий иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилгани, айни пайтда тахминан 300 минг нафар Ўзбекистон фуқаросининг Россия ҳудудига кириши тақиқлангани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид