Жаҳон | 18:15 / 28.01.2020
31037
2 дақиқада ўқилади

Манба: Афғонистонда қулаган самолётда Сулаймонийни ўлдириш амалиётига бошчилик қилган МРБ офицери бўлган

27 январь куни Афғонистоннинг Ғазни вилоятидаги самолёт қулаши оқибатида АҚШ марказий разведка бюроси офицери, ташкилотнинг Эрон, Ироқ ва Афғонистондаги операцияларида фаол қатнашгани айтиладиган Майкл Д’Андреа ҳам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Эрон телеканалларига таяниб «BBC Monitoring» ёзмоқда.

Эрон телеканалларида айтилишича, Майкл Д’Андреанинг лақаби «оятуллоҳ Майкл» бўлган. У Яқин Шарқ ҳарбий вакиллари орасида машҳур бўлган.

Эронликларнинг маълум қилишича, Д’Андреа 3 январь куни генерал Қосим Сулаймонийни ўлдириш операциясига бошчилик қилган.

27 январь куни Афғонистоннинг марказий қисмида, «Толибон» ҳаракати назоратида бўлган ҳудудда самолёт қулаб тушган эди. Дастлабки хабарларда бу самолёт Ariana Afghan Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти бўлгани, унинг бортида 100 нафардан ортиқ киши бўлгани ҳақида айтилганди.

Кўп ўтмай «Толибон» вакиллари Ғазнида разведка ишларини олиб бораётган самолётни Деҳ-Як тумани ҳудудида уриб туширишганини маълум қилди.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Афғонистонда қулаган Bombardier E-11A самолёти америкалик ҳарбийларга тегишли бўлганини тасдиқлаган ҳолда у душман томонидан уриб туширилгани борасида факт йўқлигини маълум қилди.

Мавзуга оид