Жаҳон | 19:00 / 29.01.2020
20146
4 дақиқада ўқилади

Демократияга ишончсизлик тарихий максимумга етди. Буни сўровлар натижалари кўрсатмоқда

Ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг демократиядан норозилиги сўнгги 25 йил ичида энг юқори даражага етган.

GETTY IMAGES

Британиядаги Кембриж университети социологлари 154 мамлакатда ўтказилган (4 миллион киши қатнашган) 3,5 минг сўровнома натижаларини таҳлил қилишган.

Одамлардан улар ўз мамлакатидаги демократия даражаси ўзини қай даражада қониқтириши борасида сўралган.

Кембриждаги социологлар бу ишни 1995 йилдан бошлаб ўтказишган, айрим мамлакатлардаги маълумотлар 1970-йиллардан бошланган даврни ўз ичига олади. Сайловчиларнинг сиёсий қарашлари ва уларнинг ҳокимият институтларига муносабати 1995 йилдан 2020 йилгача қандай ўзгаргани ҳақидаги маълумотлар тўпланган.

«Бутун Ер юзида демократия носоғлом ҳолатдадир. Биз демократик сиёсий институтларга нисбатан норозилик даражаси тез суръатлар билан ўсиб борганини ва тарихий  нуқтасига кўтарилганини аниқладик. Бу айниқса ривожланган мамлакатларга хосдир», деган Кембриж университети политологи Роберто Фоа.

Норозилар улуши дунё миқёсида 1995 йилда 48 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 58 фоизга етган.

Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида демократияни ижобий қабул қилиш кўрсаткичлари ўсиши кузатилган. Бу Шарқий ва Марказий Европада коммунизмнинг ҳалокати ва бутун дунёда демократиянинг юксалиши даври эди.

Сўнгги 10 йилликда эса демократиядан ҳафсаласизлик кузатилган ва умидсизлик кучайган.

Франциядаги «сариқ нимчалилар»

Тадқиқот муаллифлари буни 2008 йилдаги молиявий инқироз, 2015 йилдаги «миграция инқирози», шунингдек, «давлатларнинг ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликлари» билан боғлайди.

Сиёсатшунослар ва сиёсий шарҳловчиларнинг фикрича, бу йиғилиб қолган иқтисодий ва сиёсий характердаги миллий ва глобал муаммоларни ҳал этиш учун радикал ва кўпинча демократияга хос бўлмаган ечимларни таклиф қилувчи популистик партиялар ва ҳаракатлар пайдо бўлишига олиб келди. Хусусан, Дональд Трамп, Борис Жонсон ва Brexit тарафдорларининг ғалабалари, шунингдек, Испания ва Грециядаги парламент сайловларида радикал сўл кучларнинг ютуқлари кўпинча шу тарзда изоҳланмоқда.

Британияда 30 йил давомида демократияга ишонч барқарор суръатда ўсиб борган ва янги минг йилликнинг илк йилларида чўққига чиққан. 2005 йилга келиб эса вазият ўзгара бошлаган, иқтисодий муаммолар ва ички сиёсатдаги муаммолар фонида демократияга бўлган ишонч орқага кетган.

1995 йилда Британиядаги мавжуд демократиядан қониқмайдиганлар 47 фоизни ташкил этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 33 фоизгача тушган, 2019 йилда эса парламент сайловлари арафасида 61 фоизга кўтарилган.

АҚШда 1995-2005 йилларда демократияни маъқулловчилар Бирлашган Қиролликдагидан кўпроқ бўлган - 75 фоиз, кейин «ишончлар оқланмаган» ва кўрсаткичлар қуйига туша бошлаган.

Доктор Фоанинг фикрича, бундай цинизм (лоқайдлик) - айрим давлатлар учун одатий ҳолат, аммо АҚШ учун бу ўзига баҳо беришда жиддий силжишлар рўй берганини англатади.

Лос-Анжелесдаги уйсизлар

Эксперт бу ҳолатни молиявий инқироз билан, шунингдек, сиёсий қутблашиш ва жамиятдаги ишончсизлик билан изоҳлаган.

Ўз навбатида Европадаги айрим давлатларда тескари тенденция кузатилади. Демократия ҳолатидан мамнунлик даражаси Дания, Швейцария, Норвегия ва Нидерландияда тарихий максимумга эришган.

Демократиядан ҳафсаласизлик ва популизм ўсиши - бу сабаб эмас, балки аломатдир, демоқда социологлар.

«Демократияга ишонч кучсизланмоқда, чунки демократик институтлар давримизнинг асосий муаммоларини - иқтисодий муаммолардан тортиб глобал иқлим ўзгаришларигача - етарли даражада ҳал этолмаяпти. Демократияга ишонч аввалги даражада тикланиши учун буларнинг бари ўзгариши керак», дейди Роберто Фоа.

Мавзуга оид