Ямайка яқинида кучли зилзила юз берди
Кариб денгизида, Ямайка ва Куба орасидаги ҳудудда 7,7 магнитудали кучли зилзила юз берди. Бу ҳақда АҚШ геологик хизмати хабар қилди.
Зилзила маркази Ямайкадаги Лусеа шаҳридан 117 км шимолда, ўчоғи 10 км чуқурликда бўлган. Зилзила кучи Кубада, Флоридада сезилган. Майамида одамлар бинолардан эвакуация қилинган.
Айни вақтда жабрланганлар ва талофатлар ҳақида маълумотлар йўқ, бироқ гувоҳлар ижтимоий тармоқларда Ямайкада биноларга шикаст етганини маълум қилишган.
Зилзила оқибатида Кариб денгизида кучли цунами ҳосил бўлиши мумкинлиги маълум қилинган. Цунами Белиз, Куба, Ҳондурас, Мексика, Кайман ороллари ва Ямайка соҳиллари бўйлаб ўтиши мумкин.
24 январда Туркия шарқида 6,8 магнитудали кучли зилзила юз берганди. Ундан кейин 4 ва ундан юқори магнитудали 228 та афтершок қайд қилинган. Охирги маълумотларга кўра, Элязиғ вилоятида юз берган зилзиладан 38 киши ҳалок бўлган.