Ўзбекистон | 16:16 / 30.01.2020
26603
2 дақиқада ўқилади

Видео: «Янги Ангрен» ИЭСда ёнғин рўй берди, айрим ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда

Ижтимоий тармоқларда «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясида содир бўлган йирик ёнғин тасвирланган видеолавҳалар тарқалди. Унда пойтахтни Фарғона водийси билан боғловчи йўл бўйидаги электр станциясидан қуюқ тутун чиқаётганини кўриш мумкин.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясида электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 4-чи сонли энергоблокда ёнғин рўй берган, ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

«Бугун 30 январь куни соат 11:40да «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясида электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 4-чи сонли энергоблокда носозлик юзага келиши натижасида 170 мегаватт қувват билан тўхтатилди. Шу вақтда қозон агрегатининг том қисмида ёнғин юзага келиб станциянинг тезкор ҳодимлари томонидан бирламчи ўт ўчириш воситалари қўлланди ва ўт ўчириш бригадаси жалб қилинди. Соат 14:00да ёнғин бартараф этилди. Жабрланганлар мавжуд эмас», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Айни пайтда энергоблок таъмирга чиқарилди ва носозликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Мазкур ҳолатни ўрганиш юзасидан махсус комиссия ташкил қилинган.

Айни пайтда мазкур станциянинг 3та энергоблоки жами 580 МВт қувват билан ишламоқда.

«Шу муносабат билан, истеъмолчиларга шуни маълум қиламизки, Республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида маълум вақт оралиғида узилишлар кузатилмоқда. Таъмирлаш ишлари қисқа фурсатларда якунланиб, электр энергияси таъминоти яхшиланиши таъминланади», дейилган вазирлик хабарида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Мавзуга оид