Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизларнинг ОТМга кириши учун ажратиладиган махсус грантларга коррупция аралашмайдими? Мутасаддилар жавоб беришди
Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Kun.uz мухбирининг қизларга олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун ажратиладиган алоҳида грантлар қай тарзда сараланиши, жараённи коррупциядан холи қилиш учун нималар қилинаётгани ҳақидаги саволига жавоб беришди.
“Президентимиз парламентга мурожаатида қизларни илмли қилиш масаласига алоҳида тўхталиб, олий таълим муассасаларига грантлар сонини икки баробар ошириш, хусусан, қизлар учун алоҳида грантлар ажратиш кераклигини вазифа қилиб қўйдилар ва грант учун номзодларни танлаш ва саралаш механизмини ишлаб чиқиш Хотин-қизлар қўмитасига юклатилди. Қўмитамиз мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида зудлик билан Олий ва ўрта-махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан биргаликда жойлардаги касбларга, кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганувчи ишчи гуруҳ тузди. Ҳозирда ушбу ишчи гуруҳлар билан имкониятлар ўрганиляпти. Албатта ушбу ишчи гуруҳ фаолиятига журналистлар ва блогерларни жалб қилиш кўзда тутилган. Шаффофлик таъминланади ва жараён коррупциядан холи қилинади”, дейди хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова.
Қўмита грантга тавсия этилиши мумкин бўлган номзодлар сонини аниқлаш ва жараённинг шаффофлигини таъминлаш учун фақатгина қўмитанинг тавсияси асосида амалга оширишдан воз кечиш устида бош қотирилмоқда. Маҳкамова бир ўринга камида бешта номзод даъвогар бўладиган тизим ишлаб чиқилиши кўзланаётганини маълум қилди.
“Номзодларни саралаш ва танлаш жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида малакали мутахассислар билан иш жараёнлари давом этяпти. Халқаро пресс-клуб сессиясида журналистлар ва блогерлар томонидан билдирилган фикрлар, шунингдек, жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳам ўрганиб чиқишни режалаштиряпмиз. Саралаш механизми бўйича жамоатчиликнинг ҳар қандай фикри эшитилади, жўялилари инобатга олинади, шундан кейингина у ҳужжат шаклида ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз соҳалари бўйича бизга лимитлар сонини бериши керак. Хотин-қизларнинг аксарияти ўзини педагогика соҳасига уришини кўриш мумкин. Бу бўйича Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги бошқарма ва бўлинмалари таълим муассасалари билан эҳтиёж юқори бўлган йўналишларга қизларни йўналтириш бўйича ишлаши керак”, дейди Зулайҳо Маҳкамова.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов қизларга алоҳида грантларни ажратишдан олдин мавжуд ҳолатни таҳлил қилиб, хотин-қизларга мос келадиган йўналишларни кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади. Ўрганиш натижасида қайси йўналишларга грантларни кўпайтириш кераклиги, қайси йўналишларга эҳтиёж юқори экани маълум бўлишини, шундан кейингина вазирлик бу борада ўз таклифларини беришини айтди.
“Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг 46 фоизини қизлар ташкил этади. Яъни умуман олганда уларнинг сони кам эмас. Лекин қизларнинг меҳнат бозорида иш топиши, меҳнатга мослашишида муаммолар бор. Бу олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган қизлар танлаётган касблар меҳнат бозоридаги эҳтиёж билан қанчалик уйғун экани билан боғлиқ. Чунки қизлар ҳам ҳаётда нима бўлаётганини, қайси соҳада ишга жойлашиш қизлар учун осону қайси соҳаларда қийин эканини кўришяпти. Демак, ишга кириш қийин соҳага боришмайди. Мактабга ишга кириш осон, ҳамма жойда таълим соҳасида иш топилади. Табиийки, қизлар шу соҳани танлашмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси билан бирга ишлашни бошладик. Таълим йўналишларини қайта кўриб чиқишимиз керак. Қизларга нафақат келинглар, мана бу ерда ўқинглар деб шароит яратиш, балки эртага иш жойини топиши учун Меҳнат вазирлиги билан ҳам ишлашимиз керак бўлади. Биз бу ерда грантни кўпайтирганимиздан кейин меҳнат бозоридаги шароит бунга мос бўлиши зарур. Шундай лавозимларни кўпайтирайликки, қизлар шу ерга борсин” дейди Иномжон Мажидов.
Мавзуга оид
15:26 / 19.05.2025
“Сиртқи таълим ёпилса, ҳеч нарса йўқотмаймиз” – мутахассислар билан суҳбат
09:40 / 16.04.2025
АҚШ Ўзбекистонга ажратиладиган грантни бекор қилди
16:57 / 14.04.2025
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон таълим тизимига 40 миллион доллар грант ажратади
14:25 / 31.03.2025