Ўзбекистон | 18:36 / 31.01.2020
85498
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Миллий университет талабасини вазир ўринбосарлигига тавсия қилди

Президент билан учрашувда таълим соҳасига оид инновацион таклиф киритган Миллий университетнинг магистратура талабаси вазир ўринбосари лавозимига тавсия қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетининг 2-босқич магистратура талабаси Юсуф Абсоатовни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосарлигига тавсия қилди.

Юсуф Абсоатов

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Абсоатов бугун, 31 январь куни президент билан учрашувда таълим соҳасига оид таклифини илгари сурган. У давлат раҳбарига ОТМлар ва мактабларни ўзаро электрон тарзда улаб, онлайн дарслар ташкил этиш ғояси ҳақида сўзлаб берган. Шунингдек, қишлоқларда интернет сифатини яхшилашнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Эндиликда 30 ёшли магистратура талабаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари сифатида иш бошлаши мумкин. Вазирликда бундай лавозим янги таъсис этилади.

Маълумот учун, Юсуф Абсоатов кимё технологиялари соҳасида ўқимоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашди.

Мавзуга оид