Ўзбекистон | 22:07 / 31.01.2020
28916
8 дақиқада ўқилади

«Талабага бу фан нега кераклигини тушунтира олиш муҳим» – Копенгаген университетининг ўзбек профессори

Kun.uz бугунги илм-фан, янги илмий тадқиқотлар ҳақида илм аҳли — олимлар билан суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Копенгаген университетининг ёш профессори Бекзод Ҳакимов бўлди.

Бекзод Ҳакимов шуғулланаётган илм соҳаси метоболомика деб аталади. Бу – кўпчилик учун нотаниш соҳа.

Суҳбат давомида ёш ўзбек олимининг илм ва олий таълим борасидаги қарашлари, олдинда турган муаммолар, уларга таклиф қилинаётган ечимлар ҳақида сўз борди.

– Бекзод ака, ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз: илм йўлида қандай босқичлардан ўтдингиз?

– Бу даражага чиқишимда муҳим босқич бўлган Самарқанддаги 4-республика лицей-интернати ҳақида ҳам айтишим зарур. Чунки айнан шу лицей мен учун катта ҳаётга тайёрлов ва илмга қизиқишимга сабаб бўлган. У ердаги таҳсилни тамомлаб, ЎзМУ кимё факултетига ўқишга кирганман. Бакалавр даражасини олганимдан сўнг Лондонга кетиб, инглиз тилини ўргандим. Лондон университетининг Queen Mary коллежида ўз соҳам бўйича магистратурада ўқидим.

Кейин аспирантура ўқиб, илмий лабораторияда ишлаш мақсадида кўпгина вариантларни кўриб чиқа бошладим. Шунда Копенгаген университетида озиқ-овқат йўналиши бўйича илмий иш олиб бораётган лабораторияга аспирантурага қабул қилиндим. 2013 йилда PhD унвонига эга бўлдим. Шундан кейин ўша университетда доцент, ҳозир эса профессор сифатида ишлаб келяпман.

– Ўзингиз шуғулланаётган илм йўналиши ҳақида гапириб берсангиз.

– Ҳозирда фудомикс ва дата анализ (маълумотларни статистик таҳлил қилиш) йўналишлари бўйича илмий иш олиб бораман. Фудомикс нима? У озиқ-овқат таркибидаги молекулалар миқдори ва уларнинг сифати анализи билан шуғулланадиган соҳа ҳисобланади.

Барча озиқ маҳсулотлари молекулаларининг умумий картаси тузилади ҳамда бунинг инсон соғлигига қандай таъсир қилаётгани: ижобий ёки салбийлиги; ижобий бўлса нимаси билан шундай, салбий бўлса нима учун шундай бўлаётгани ўрганилади. Фудомикс, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат сифати каби йўналишларга ҳам эга.

Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири – ўша озиқ маҳсулоти пешлавҳасига ёзилган нарсалар барчаси борми ёки бошқа нарсалар ҳам қўшилганми, шуларни ўрганиш. Кейин эса истеъмолчиларни бундан огоҳлантириш керак бўлади.

Копенгагендаги лабораториямизда инсон соғлиғи ва яшаш тарзига диетанинг қандай таъсир қилишини ўрганамиз. Масалан, биз 2016 йилда «Journal of proteome research» журналида мақола чоп қилганмиз. Унда янги скандинавия диетаси (New Nordic Diet) қандай қилиб инсон саломатлигига ижобий таъсир қилишини ўрганиш натижалари эълон қилинган.

Тадқиқот давомида 150 нафар кўнгиллини танлаб олдик, уларнинг ярми янги скандинавия диетаси асосида, ярми эса оддий диетасини олиб борди. Диетани бошлашдан аввал ва тугагандан кейин улардан метаболомикс йўли билан биологик анализ олинди.

Натижаларни таққослаб шундай хулосага келдикки, гипертоникларнинг қон босими меъёрлашди, вазни оғир кишиларнинг вазни анча пасайди. Бизнинг тадқиқотимиз бу борада Скандинавияда олиб борилган илк тадқиқот эди.

– Фудомикснинг бугунги кунда илмий муаммоларни ечишда аҳамияти қанчалик катта?

Ўзбекистонда ҳозирги кунда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатнинг инсон соғлигига таъсири ўрганилмаяпти, дея айта оламан. Чунки бунинг учун жаҳон талабларига жавоб берадиган лабораторияларимиз энди-энди ривожланяпти.

Биз доим истеъмол қиладиган кўп овқатлар соғлигимизга қандай зарар бериши, метоболизмимизнинг қайси жараёни бузилаётгани, оқибатда қандай касалликлар келиб чиқаётгани, уларни қандай тўхтатиш мумкинлиги ва буни одамлар онгига сингдириш борасида илмий иш қилиш ниятим бор.

– Ўзбекистонлик олимлар билан соҳангиз доирасида қандай ҳамкорлик олиб боряпсиз?

– Мен Ўзбекистондаги илмий муҳит билан доим алоқада бўлиб тураман. Ҳали Лондонда магистратурада ўқиб юрганимдаёқ бизни ўқитган устозларимиз билан алоқаларим бор эди. Улар билан доимо илмий муаммолар, янгиликлар ҳақида гаплашиб келаман. Энг асосий муаммоларимиз 2014 йилда Илғор технологиялар маркази тузилаётгандаёқ аниқ бўлганди: бизда кадрлар етишмайди. Ёш олимларни, ёш иқтидорли кадрларни тайёрлаш зарур.

Илмий фаолиятим давомида шу муаммони ҳал қилишга ёрдамлашиб келяпман. Европа Иттифоқидан икки марта Erasmus mobility grant деган гранд ютиб олиб, чет эллик олимлар билан ўзбек талабаларига тренинглар ўтиб келаман. Масалан, ўтган йили 15 кун мобайнида даниялик икки ҳамкасбим билан бирга 30 нафар ўзбек талабаларини ўқитдик. Курс якунида мени қувонтирган нарса – талабаларнинг қабул қилиши: уларнинг зеҳни, қобилияти жуда яхши, ҳатто данияликлардан ҳам.

Илғор технологиялар маркази билан яна бир қўшма лойиҳамиз бор. Улар билан биргаликда Европанинг Дания, Испания, Голландия давлатларидаги илғор университетларга талабаларимизни юбориш ва у ердан етакчи экспертларни Ўзбекистонга жалб этиш борасида лойиҳа қиляпмиз. Улар бу ёққа келиб, университетлардаги ўқитувчилар, лаборантлар, илмий текшириш институтларидаги ходимларга тренинг қилади. Унинг номи iCampus деб аталади.

2013 йилдан бери анчагина замонавий асбоблар харид қилинган. Тўғриси, мен уларнинг ҳозирги кунда ишлатилиш даражасидан қониқмайман. Бундан ҳам яхши ишлатиш мумкин. Бундай бўлишига сабаб эса сотиб олинган аппаратни ишлатадиган кадрларни тайёрлаб бўлганимиз йўқ ҳали.

Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқидан молиявий ёрдам сўраяпмизки, ёш кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларни кўпайтиришни мақсад қиляпмиз. Лойиҳа икки марта қайтди, лекин учинчи марта ҳам юборамиз, Худо хоҳласа оламиз. Унда Ўзбекистондаги 8та университетдан 1000га яқин талаба, шунингдек 100дан ортиқ профессор-ўқитувчи ва олимларни қамраб олиш режалаштирилган.

Четдан келадиган олимлар билан бу ерда конференция, семинар, тренинглар қиламиз, ҳатто бир нарса мўлжал қиляпмизки, кичик мобил асбоб-ускуналаримизни ўзимиз билан олиб келамиз ва бевосита амалиётини кўрсатамиз. Чунки бу каби аппаратлар бир жомадонга жой бўлади.

– Бугунги кунда университет лектори қандай бўлиши керак, сизнингча?

– Университет лектори биринчи навбатда инноватив ва талабани ўзига қизиқтира олиши керак. Иккинчидан, ўзи ўтаётган мавзуни нима учун ўқитяпти, эртага нима учун керак бўлишини талабага тушунтириб бера олиши керак.

Талабалик пайтимни эслайман, анча-мунча фанларни нима учун ўқиётганимизни билмасдик. Ҳозиргача ўшанга кетган вақтимга ачинаман.

Талаба қайсидир фанни нима учун ўқиётганини билиши керак, бу унинг ҳаққи. У нима учун кераклигини тушуниб етиши лозим.

Университет профессори, маърузачиси инноватив бўлиши керак дедим. Бу нима дегани? Талабага доскада формулалар ёзиш қизиқ эмас, унинг қўлига бериш керакки, ўзи амалда синаб кўрсин. Масалан, профессор мавзуни тушунтириб, кейин бир томчи ёғ, шуни таркибидаги молекулаларни аниқлаш учун нима қиласан, қанақа методика қўллайсан, қайси асбоб-ускунадан фойдаланасан, деб ихтиёрни талабага бериши керак.

– Илмга кириб келаётган ёшларга қандай маслаҳат берасиз?

– Талабага таъсир қиладиган нарса бу – муҳит. Университетга келган талабага лекторнинг таъсири катта бўлади. Шу маънода яна бир бора айтиш керакки, дунё тажрибасига эга кадрлар керак. Талабалар маърузада ўтирганда, маърузачидан кўз узолмаслиги, айтаётган ҳар бир информациясини олиши керак бўлади.

Иккинчи томондан, кўп талабаларда демотивация бор. Ўқишга кираётганда ёки кирганда, ўзига ҳақиқатан ҳам мен шу соҳада эксперт бўламанми, шу соҳада ишлайманми, деган саволни бермайди.

Кўча ибораси билан айтганда, фанатик талабалар йўқ эмас, бор. Уларни тарбиялаш, қўллаб-қувватлашимиз керак. Мен бу вазиятни ўз тажрибамда кўрдим. Тренингларимиз давомида улар билан учрашиб, гаплашдим.

Бундан ташқари, фақатгина инглиз тилини билиш эмас, умумжаҳон адабиётига тўлиқ олиб кириш лозим. Ўз соҳасида ишлаётган олимларимизга умумжаҳон адабиётидан қанақа мақола керак бўлса, олиб ўқиши жуда катта аҳамиятга эга. Баъзи мақолаларни оддий қидирув тизими орқали топиб бўлмайди.

Мавзуга оид