Жаҳон | 22:24 / 01.02.2020
11987
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари Трампнинг «аср келишуви»ни рад этди

Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Фаластинни қўллаб-қувватлади ва Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш бўйича АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган "аср келишуви"ни рад этди.

Араб давлатлари лигаси кенгаши (архив)

Бу ҳақда араб давлатлари ташқи ишлар вазирларининг шошилинч йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

"Араб давлатлари вазирларининг Қоҳирада бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган қарор Трампнинг режаси рад этилишини тасдиқлайди", - деди Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, вазирлар "жаҳон ҳамжамиятини бу адолатсиз режага рози бўлмасликка чақирган". 

"Биз Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Африка иттифоқи ва Қўшилмаслик ҳаракатининг қўллаб-қувватловига эришамиз", - деб қўшиб қўйди у.

АДЛ бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайтнинг айтишича, "қарор барча араб давлатлари томонидан қабул қилинган ва "аср келишуви" рад этилади". 

Якуний баёнот матнида ушбу режа "Америка-Исроил" режаси деб аталган.

Аввалроқ Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ президенти Дональд Трамп "аср келишуви"ни эълон қилганидан сўнг АҚШ ва Исроил билан алоқалар узилишини маълум қилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид