«Барчасини тўғри қилмоқда». Комилов АҚШнинг Афғонистондаги ҳаракатларига баҳо берди
Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистондаги сиёсатини юқори баҳолайди. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби Майкл Помпео бошчилигидаги делегация билан музокаралардан сўнг журналистлар учун ташкил этилган брифингда айтиб ўтди.
Абдулазиз Комилов Aфғонистондаги хавфсизликни таъминлаш масаласига тўхталди.
«AҚШнинг Aфғонистонда мавжудлиги минтақада тинчликни таъминлаш, терроризм ва наркотрафик хавфини камайтириш имконини бермоқда.
Aфғонистондаги уруш 40 йилдан буён давом этмоқда. Бу вақт ичида зиддиятнинг таркиби ҳам ўзгариб кетди, иштирокчилар кўп бор алмашди, Афғонистондан ташқарида бўлган турли манфаатларга эга бўлган томонлар вазиятга аралашди. Бу можарога биргина ҳужжат имзолаш билан барҳам бериб бўлмайди. Тинчликка эришиш жараёни узоқ давом этиши мумкин.
Авваламбор, вазиятга тинч йўл билан ечим топиш муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, бу бизнинг манфаатларимизга, давлатнинг миллий хавфсизлик манфаатларига алоқадор. Ўзбекистон шу пайтгача жуда кўп иш қилди. Айтиш мумкинки, мамлакат ушбу барча жараённинг бир қисмига айланди», дея Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
У Ўзбекистон AҚШнинг Aфғонистон сиёсатига юқори баҳо беришини таъкидлади.
«Турли изоҳларга қарамай, АҚШнинг иштироки кўп йиллар давомида вазиятни барқарорлаштирувчи омил ҳисобланади ҳамда терроризм, экстремизм, легаллаштириш, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва бошқа кўплаб жиддий чақириқлар ҳамда таҳдидларни тийиб турибди.
Биз АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларни қўллаб-қувватлаймиз. Бу ерда мавжуд ҳолатдан келиб чиқиш керак. Бу ҳисоблашиш керак бўлган куч, бу афғон жамиятининг бир қисми, унга эътибор бермасликнинг иложи йўқ ҳамда бу нотўғри», деди Абдулазиз Комилов.
Комилов АҚШ томонидан қилинаётган барча хатти-ҳаракат тўғри эканини айтиб ўтди. Унинг билдиришича, Ўзбекистон ўз ҳаракатларини фақат бир мақсадда мувофиқлаштиради - минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва тинчлик жараёнида ўз миссиясини бажариш.
«Ўзбекистонда бу жараёнда қандайдир муҳим ролни ўйнаш каби ниятлар йўқ ҳамда мамлакат минтақадаги вазиятга реал баҳо бермоқда. Биз афғон муаммосини битта туртки билан ҳал қилиш мумкин, деб ўйламаймиз. Яъни, келишув имзолаш, уни стол устига қўйиш ва дарҳол бир қарорга келиш», дея қўшимча қилиб ўтди у.