Ўзбекистон | 12:34 / 03.02.2020
2637
2 дақиқада ўқилади

Бепул юридик ёрдам соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланади

“Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Қонуннинг мақсади бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Фото: iStock

Бепул юридик ёрдам соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

бепул юридик ёрдам соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

бепул юридик ёрдамнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг малакали юридик ёрдам ва ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш.

Бепул юридик ёрдам ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва мавқеи ёки бошқа мақоми жиҳатдан ҳеч қандай камситишларсиз ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомилларга асосан кўрсатилади.

Муҳтож шахсларнинг бепул ҳуқуқий ёрдамга тенг имкониятини ҳамда аёлларнинг бепул ҳуқуқий ёрдамга бўлган ҳуқуқини таъминлаш учун кўрилган махсус чоралар камситувчи деб ҳисобланмайди.

Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлиги сабабли ҳибсга олинган, ушлаб турилган ҳар қандай шахс дарҳол ўзининг процессуал ҳуқуқлари, жумладан, бепул юридик ёрдам олиш ва бундай ёрдам олиш тартиби ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.

Муҳтож шахслар эҳтиёжларига мувофиқ ўзларининг бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эгалар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Бепул юридик ёрдам маркази муҳтож шахсларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаши керак.

Бепул юридик ёрдамнинг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги;

бепул юридик ёрдамдан эркин фойдаланиш;

холислик;

камситишга йўл қўймаслик;

касб этикаси қоидаларига риоя этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид