Ўзбекистон | 11:10 / 03.02.2020
11558
3 дақиқада ўқилади

Комилов: Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги ўзининг ривожланиш чўққисида турибди

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ўз ривожланишининг чўққисига чиққан. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан музокаралар якунида журналистлар учун матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Тошкентдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон – АҚШ икки томонлама музокаралари бўлиб ўтди. Ёпиқ эшиклар ортида икки соат давом этган учрашувда Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ҳамкор мамлакат делегациясига АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео бошчилик қилди.

Мулоқот чоғида Вашингтон шаҳрида 2018 йил май ойида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – АҚШ саммити доирасида эришилган келишувлар ижроси, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланаётганлиги ва жадал ривожланаётганлигини мамнуният билан таъкидлашди. Шу нуқтайи назардан, сўнгги икки йил ичида савдо ҳажми икки баравар ўсгани қайд этилди. 

АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон Президенти томонидан давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. 

Музокараларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, диний эркинликни таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган чораларга алоҳида эътибор қаратилди. 

«Мен ишонч билан айтишим мумкинки, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўз ривожининг чўққисига чиққан. Муносабатлар барқарор ва кутилган суръатларда ривожланмоқда. Келгуси ҳаракатларимиз стратегик шерикликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топишга қаратилган бўлади», – дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Шу билан бирга, ТИВ раҳбари томонлар икки томонлама муносабатлардаги «муаммоли ҳолатлар»ни ҳал қилиш устида ишлашни давом эттиришини қайд этиб ўтган.

«АҚШ мамлакатимизда сўнгги йилларда диний эркинликни таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сўз эркинлигини таъминлашда эришилаётган ижобий натижаларни яна бир бор эътироф этди. Биз кун тартибида турган ва ҳал этилиши керак бўлган бошқа масалалар бўйича мулоқотни давом эттирамиз», деган вазир.

2 февраль куни кечқурун Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат департаменти делегацияси бугун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

Минтақа давлатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари ва АҚШ Давлат котиби иштирокида «Марказий Осиё – АҚШ» («C5+1») шаклидаги вазирлар учрашувини куннинг иккинчи ярмида ўтказиш режалаштирилган.

Мавзуга оид