Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Нега Токио олимпиадасига андижонлик боксёрлар бормаяпти?» – Марс Қўчқоров изоҳи
Олимпиада лицензияси учун курашадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Андижон бокс мактаби вакиллари йўқ. Таниқли мураббий Марс Қўчқоров бунинг сабаблари ҳақида фикр билдирди.
Марс Қўчқоров. Спортга озгина ошно ёки бокс ҳақида тушунчаси бор одам бу мутахассисни албатта танийди. Бир сўз билан айтганда – Марс Галиевич афсонавий бокс мураббийи.
У олимпиада чемпиони ва совриндорларини, жаҳон ва қитъада энг кучли дея тан олинган боксчиларни етиштириб чиқарган ва ҳозирда ҳам мураббийлик ишини давом эттирмоқда. Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткир Ҳайдаров, Руслан Чагаев, Сергей Михайлов сингари жаҳон боксида довруғ таратган спортчилар ҳам Марс Қўчқоров қўл остида тарбия топган.
Мураббий дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият юритган бўлиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, иккинчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибидир.



Маълумки, Андижон бокс мактаби нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам кучли мактаблардан саналади. Бундан 20 йил олдин, 1999 йил АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Андижонда тарбия топган уч боксчи иштирок этиб, икки нафари чемпион, бири эса кумуш медал эгаси бўлган. Шундан бери анъана давом этиб келмоқда.
Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлиб келаётган Жасур Латипов ва Иқболжон Холдоровлар ҳам шу мактаб вакилларидир.

Бироқ Токио олимпиадаси сари йўлланма учун курашадиган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибига назар ташлайдиган бўлсак, унда андижонликларни кўрмаймиз. Марс Қўчқоровдан Андижон бокс мактабидаги бу турғунлик сабаблари ҳақида изоҳ беришини сўрадик.
Мавжуд муаммолар ва Иқбол Холдоров спарринг баҳсда Элнур Абдураимовни ютгани ҳақида
Таниқли мураббий билан у фаолият юритаётган Андижон олимпия захиралари мактаб-интернатининг машғулот залида суҳбатлашдик.

«Бизнинг лидер боксчиларимиз – Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латиповлар профессионал боксга ўтиб кетди. Уларни ушлаб қолишнинг иложи йўқ эди. Яна вазн тоифалари ўзгарди. Энди 49 килограмм вазн тоифаси йўқ. 52да эса кучли боксчилар кўп бўлиб, бу ерда рақибларнинг бўйлари узун, зарбалари кучлироқ. Қисқаси бутунлай бошқа вазн.
Ҳасанбой – профессионал боксчи. У ҳар қандай вазнга мослашиб кета олади. Ҳозир АҚШда шуғулланиб яна ҳам маҳоратини оширибди.

Жасур Латиповда оилавий ташвишлар юзага келганди. Онаси оғир касал бўлиб вафот этди. Унда стрессли ҳолат бўлди.
Иқболжон Холдоров Таиландга мусобақага борганида кўзидан жароҳат олди. Кейин операция бўлиб, тикланиш жараёнини бошдан кечирган.

У вазнини 69 кг.дан 64га туширишига тўғри келди. Элнур Абдураимов билан спарринг баҳси ёпиқ ҳолда ўтган. Ўткир Ҳайдаров билан Абдувоҳид Жалолов секундантлик қилишди. Улар уч раундда ҳам Иқболжон Холдоровнинг ютганини айтишди. Мен уларга ишонаман. (Мураббий Ўткир Ҳайдаров билан суҳбатлашганимизда у ҳам Иқболнинг қўли баланд келганини тасдиқлади)
Ғалати ҳолат. Менимча, спарринг баҳси бўлишидан олдин ким ютиши аниқ бўлган. Иқбол Холдоров даражасидаги зўр боксчини четга чиқариб қўйиш жуда ачинарли ҳолат. Кўзи операция бўлганидан кейин, ҳиндистонлик жарроҳ мусобақаларга рухсат бергач, Иқболга терма жамоа врачи «Айнан боксга рухсат дейилмаган», деб ҳам сарсон қилганди.
Элнурга умуман қаршилигимиз йўқ. Омадини берсин. Саралашда ютсин, ғалабаларга эришсин биз хурсанд бўламиз. Чунки у ҳам ўзимизники. Қисқаси, Андижон боксида шундай пастлаш жараёнида», – дейди мураббий.
«Шароитларимиз яхши эмас...»
Андижон бокс мактабида пасайиш кузатилаётганига тўхталган Марс Қўчқоров вазиятга қуйидагича изоҳ берди:
«Ҳозир Андижон вилоятида 3 минг нафар бокс билан шуғулланаётган ёшлар бор. Бу катта рақам. Умумий сони эса 5 минг нафар.
Биринчи навбатда бокс билан шуғулланаётган болаларга шароит яратиб берилиши керак. Мана қаранг, олимпия залимиз совуқ, иккаламиз ҳам «куртка»да ўтирибмиз.

Ҳозир қўлларим ҳам совқотяпти. Қиш кириши билан болаларимиз ўртасида эпидемия сингари шамоллаш бошланди. Ташқари манеж совуқ, иситилмайди. Янги ётоқхона қурилди. Жудаям чиройли. Бироқ, у ерда ҳам газ йўқ. Хоналар совуқ.

Иккинчиси, биз болалар билан мусобақаларга борамиз. Бу ҳам муаммоларга тўла жараён. Олдинлари мусобақага кетишимиздан олдин, сафар харажатларини беришар эди. Ҳозир эса, «Сиз бориб келинг, кейин берамиз», дейишади. Бу нотўғри ахир. Мураббийлар ўтган йили март ойида борган мусобақа учун сафар харажатини ҳали олгани йўқ. Бу шароитда қандай ўсиш бўлсин?

Яхши боксчи тайёрлаш учун бир йилда энг камида 4та мусобақа керак! Бизда бир дона мусобақа бор. Ёшлар тоифасида Ўзбекистон биринчилиги. Чет элдаги катта турнирларга фақат терма жамоа аъзолари боради. Четдаги бошқа мусобақаларга бориш ота-оналарга, тренерга юкланяпти. Ўзимиз олиб боришимиз керак. Қийинчилик-ку бу? Бокс яна орқага кетиб қоляпти.

Федерациямизда пул йўқ. Инвентарлар ҳам етарли эмас. Ўтган йили соғлом турмуш тарзи ҳақидаги видеолавҳа танлови бўйича клип тайёрлаб, 50 миллион сўм ютганмиз. Ўша пулларга мана шу бокс «мешок»ларини сотиб олдик ва туманларга ҳам тарқатдик.
Вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам 50 миллионлик инвентар олиб берди. «Само» корхонаси ринг, бокс қўлқопларига мунтазам ёрдам беряпти. Лекин, булар – бир марталик ёрдамлар.


Андижон бокс мактабини ривожлантириш учун доимий равишда молиялаштирилиб турувчи тизим зарур ва керак», – дейди у.
«Боксимиз спорт туризмини ривожлантиряпти»
Марс Қўчқоров Хитой, Тайван, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон каби спортнинг бокс тури ривожланган давлатларнинг спортчилари Андижонга келиб, машғулот ўтишга жуда қизиқишларини айтиб ўтди.



«Ўтган йили Қозоғистон ва Хитойдан спортчилар келиб мана шу манежимизда шуғулланишди. Бир вақтни ўзида 120 боксчи билан ҳам шуғулландик.
Улар бизнинг Андижон бокс мактабидан ўргангани келишади. Биз ҳам улардан ўрганамиз. Улар бизлардаги меҳмонхона, озиқ-овқат, транспорт нархларининг арзонлигидан ҳайрон бўлишади. Бемалол халқаро турнирлар ташкил қилишимиз мумкин.

Андижоннинг деярли барча туманларида жуда ҳам кўп талантли боксчилар етишиб чиқяпти. 50-60га яқин мураббийлар бор. Улар билан биргаликда иш олиб боряпмиз.

Ниятимиз – 2024 йилдаги олимпиада баҳсларига муносиб спортчилар етказиб бериш. Лекин, бунинг учун яхши шароит ва қаттиқ меҳнат қилишимиз керак», – дейди Марс Қўчқоров.
Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов, Андижон.