Жаҳон | 17:52 / 03.02.2020
64024
1 дақиқада ўқилади

Россияда коронавирусга чалинган хитойлик билан бир самолётда учган уч ўзбекистонлик касалхонага ётқизилди

Хитойдан Тюменга келган самолётда коронавирусга чалинганлиги аниқланган хитойлик талаба билан бир самолётда бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқароси Нижневартовскдаги касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Роспотребнадзорнинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Инна Кудрявцева.га таяниб ТАСС хабар берди.

Фото: REUTERS

Коронавирусга чалинган хитойлик талаба 28 январда шифокорларга мурожаат қилган. У шу заҳоти касалхонага ётқизилган. Бунгача Россияда коронавирусга чалиниш бўйича иккита ҳолат қайд этилганди.

"Ўзбекистон фуқаролари коронавирусга чалинишда гумонланаётгани йўқ. Улар шунчаки бемор талаба билан мулоқотда бўлган. Улар Юграда ишлашади, у ерда тиббий кузатув ўрнатиш имкони йўқ. Шу боис улар Нижневартовскда касалхонага жойлаштирилган. Уларнинг ҳолати қониқарли", - деди Кудрявцева.

Кудрявцеванинг сўзларига кўра, ҳозирда лаборатория текшируви натижасини кутишмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда янги коронавирусдан бир кун ичида 57 киши вафот этди. Шу тариқа, эпидемия бошлангандан бери унинг қурбонлари сони 361 нафарга етди, касалланганлар эса яна 2829 кишига кўпайиб, 17205 нафарни ташкил қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид