Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Амалдорларнинг даромадини декларация қилишни Адлия вазирлигидан бошлашга тайёрмиз – Русланбек Давлетов
Ўзбекистонда амалдорлар харажатларининг улар топадиган даромадга мувофиқлигини назорат қилиш учун алоҳида агентлик тузилган.
3 февраль куни ОАВ вакиллари учун ўтказилган медиа тадбирда Адлия вазири Русланбек Давлетов амалдорларнниг даромадларини декларация қилиш қандай тартибда амалга оширилиши ҳақида тўхталди.
«Декларация масаласи жуда долзарб. Амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишини қўллаб-қувватлаймиз. Шу ишни биринчи адлиядан [Адлия вазирлиги] бошлайлик деб раҳбарларга таклиф ҳам қилганмиз. Бунинг умумий ҳуқуқий асослари «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунда келтирилган.
Президентимиз бунинг янги тартиб, янги механизмини шакллантириб гапиряптилар. Бу бўйича алоҳида агентлик тузилган. Шулар бош-қош бўлиб бу масалани кўтаришмоқда. Бу борада ваколатли орган бўлмаганимиз учун амалдорларнинг даромадларини декларацияга тортиш қачондан амалга жорий этилиши ҳақида бир сўз айтолмайман. Лекин барибир бу амалга ошади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирнинг сўзларига кўра, мансабдорларнинг нафақат даромадларини, балки харажатларини ҳам ҳам декларация қилиш керак.
«Нафақат даромадни, харажатниям декларация қилиш керак. Чунки даромадни декларация қилаверасиз. Қачонки, харажатни декларация қилсангиз, фарқ ўшанда чиқади. Шунинг учун харажатга кўпроқ эътибор қилиш керак», дея таъкидлади Русланбек Давлетов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мулклари ҳақида мажбурий тартибда декларация тақдим этиши тўғрисидаги гаплар 2017 йилда пайдо бўлганди. Бу янгилик «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида кўзда тутилганди.
Бош прокуратура вакили антикоррупцион иқлимни яратишда давлат хизматчиларининг даромадини декларация қилиш тизими муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, 2019–2020-йиллар учун давлат дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, унда фуқароларнинг муайян тоифаси даромадларини декларация қилишга босқичма-босқич ўтказиш ҳақида банд киритилгани, яқин келажакда бу тизим тўлиқ жорий этилишини маълум қилганди. У шунингдек амалдорларнинг даромадларини декларацияга тортиш муайян харажатларни талаб этгани боис бу тизимни жорий этишда кечикаётганини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида парламент палаталари раҳбарлари, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа қатор мансабдорлар мулк ва даромадларини декларация қилишига оид президент қарори лойиҳасида янги тизимга 2020 йил 1 январдан ўтиш режалаштирилганди.
31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев эндиликда амалдорлар харажатларининг улар топадиган даромадга мувофиқлиги қаттиқ назоратга олинишини таъкидлади.
Мавзуга оид
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди
16:18 / 07.03.2025