Фан-техника | 13:01 / 04.02.2020
32257
2 дақиқада ўқилади

Бухорода инновацион трактор яратилди

Такомиллаштирилган инновацион трактор академик Оқил Салимов раҳбарлигидаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Тракторлар ва автомобиллар” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда Бухоро вилояти Жондор туманида истиқомат қилувчи Шаҳоб Қорёғдиев, Шуҳрат Сувонов билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Олимжон Тўйчиев бошчилигидаги Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги ушбу тракторни кўздан кечиришди, дея маълум қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Тракторга осма ва ғилдиракли тракторларда аввал қўлланилмаган янги типдаги демпфирловчи юмшоқ қурилма жорий этилган, у тракторнинг иш вақтидаги тебранишларини 7-8 бараварга камайтиришга қодир.

Усталарнинг сўзларига кўра, ўрнатилган двигателнинг қуввати 152 от кучини ташкил қилади, маълумки бундай қувватли двигателларга биогаз қўлланса, унинг қуввати шундай классда ишловчи ҳайдов тракторлари учун қўйиладиган талабларга тўлиқ жавоб беради.

Трактор 4 та биогаз баллонлари билан жиҳозланган. Тракторнинг асосий хусусиятларидан яна бири шундан иборатки, шу турдаги тракторлар билан таққослаганда сарфланадиган углеводородли ёнилғини 2 бараварга тежайди.

Тракторнинг оғир қишлоқ хўжалиги ишларида (шудгор) самарали ишлаши учун унинг барча ғилдираклари етакчи қилиб тайёрланган.

Умумий оғирлиги 3200 кг.ни ташкил этади. Бу эса оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган тракторлар каби тупроқ зичланиб қолишига салбий таъсир кўрсатмайди.

Шунингдек, янги трактор яратувчилари ихтирони белгиланган тартибда патентлашга муваффақ бўлишган. Вазирлик мутасаддилари ва ихтирочилар ички ҳамда ташқи бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, мана шундай ноёб тракторлар яратиладиган ва модернизация қилинадиган цех ташкил этиш хусусида фикр алмашдилар.

Мавзуга оид