Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Кейинги сайловда жазоланади» — Вазир сиёсий ваъдаларни бажармаганлик учун жавобгарлик ҳақида
3 февраль куни адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида ОАВ вакиллари учун ўтказилган медиа тадбирда сайловолди дастурларини бажармаган партияларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш бўйича таклиф ўртага ташланди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов ваъдани бажармаганлик учун ҳуқуқий жавобгарликка тортиб бўлмаслигини маълум қилган ҳолда, сиёсий ваъдаларни бажармаганлик учун сиёсий жавобгарлик келиб чиқиши кераклигини таъкидлади.
«Сиёсий ваъдаларни бажармаганлик учун сиёсий жавобгарлик келиб чиқиши керак. Сайловолди ташвиқоти давомида берган ваъдаларини бажармагани учун ҳуқуқий жавобгарлик ҳеч қачон келиб чиқмайди, бу ҳеч қайси давлатда йўқ. Бу нотўғри гап.
Ўйлаб кўринг, қандай қилиб жавобгарликка тортиш мумкин? Ваъдани қанчалик бажарди, қай даражада бажарди, ярмини бажардими, ўттиз фоизини бажардими, бунга ҳуқуқий баҳо бериш тизими мавжуд эмас. Чунки у сиёсий ваъда.
Шунинг учун ҳар доим сиёсий ваъдасини бажармаган партия овоз берувчилар томонидан жазоланади. Яъни сайловчилар томонидан кейинги сайловда жазоланади, бу партияга овоз берилмайди, тамом», дея жавоб қайтарди вазир сиёсий ваъдаларни бажармаганлик учун ҳуқуқий жавобгарлик қўллаш механизмини жорий этиш тўғрисидаги саволга жавобан.
Адлия вазири Ўзбекистон либерал демократик партиясининг парламентда кўпчилик ўринни эгаллаганига ҳам муносабат билдирди.
«ЎзЛиДеп ҳақида гапирадиган бўлсак, битта нарсани билиш керак, бу партия Қонунчилик палатасида оддий кўпчилик ўринга ҳам эга эмас. У фақат бошқа партияларга нисбатан кўпроқ овоз олди. Битта қонунни ўтказаман десаям, [партиядан сайланган депутатлар] юз фоиз овоз берган тақдирдаям у ўтмайди. Чунки бошқа партиялардан сайланган депутатлар бунга қарши овоз беришса, уларнинг овози ошиб кетади. Қонун қабул қилиш учун эса 50+1 бўлиши керак. ЎзЛиДепда 50+1 овоз йўқ. Шунинг учун аввалги чақириқда улар «Миллий тикланиш» партияси билан демократик коалиция қилишган эди.
Ўйлайманки, журналистлар сайловолди ваъдаларини бажармагунча партияларни тинч қўйишмаса керак. ОАВ ваъдаларнинг ижросини сўраб, уларнинг айтганларини жамоатчиликка тақдим қилишидан ортиқ назорат бўлмайди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Русланбек Давлетовнинг сўзларига кўра, Қонунчилик палатасидаги бирорта депутат ёки қўмита раиси қандайдир устунликка эга эмас. Депутатлар бир хил мақомга эга бўлиб, шу жумладан, Қонунчилик палатаси спикери ҳам улар билан тенг, фақат битта овозга эга.
«Спикер фақат тартибли равишда тизимни бошқариш нуқтайи назардан парламент қуйи палатасига раҳбарлик қилади. Шунинг учун ҳам у спикер дейилади, раис эмас. Қонунчилик палатаси раиси деган лавозим йўқ. Спикер Парламент қуйи палатаси номидан гапирадиган шахс», дейди у.
Мавзуга оид
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди
16:18 / 07.03.2025